2026 йилда кўчиб ўтиш учун энг яхши давлатлар рейтинги эълон қилинди

Бугун 22:042 дақиқа

«Remitly» компанияси томонидан тайёрланган йиллик иммиграция индексида 82 та давлат яшаш харажатлари, даромад даражаси, тиббиёт, хавфсизлик, таълим ва умумий ҳаёт сифати каби 34 та мезон асосида баҳоланди.

2026 йилда кўчиб ўтиш учун энг яхши давлатлар рейтинги эълон қилинди

2026 йилда бошқа мамлакатга кўчиб ўтишни режалаштираётганлар учун энг қулай давлатлар рейтинги маълум бўлди. «Remitly» компанияси томонидан тайёрланган рейтингда биринчи ўринни Швейцария эгаллади. Мамлакат юқори маош имкониятлари, сифатли тиббий хизмат, хавфсиз муҳит ва ривожланган инфратузилмаси билан ажралиб турди. Шунингдек, халқаро мактаблар тармоғи ва барқарор энергия таъминоти ҳам мамлакатнинг юқори баҳоланишига таъсир қилди.

Исландия бир поғона пастлашининг сабаби

Ўтган йили рейтинг етакчиси бўлган Исландия бу сафар иккинчи поғонага тушди. Мамлакат хавфсизлик, экологик муҳит ва аҳоли даромадлари бўйича юқори натижаларни сақлаб қолган бўлса-да, халқаро мактаблар сони камайгани унинг рейтингда пастлашига сабаб бўлди.

Учинчи ўрин Люксембургга насиб этди. Экспертлар мамлакатдаги юқори даромадлар, хавфсиз муҳит ва жамоат транспорти тизимини асосий устунлик сифатида қайд этган. Тўртинчи ўринни эса Европадан ташқаридаги ягона давлат — Австралия эгаллади. У мигрантларга нисбатан очиқ сиёсати ва қулай турмуш тарзи билан ажралиб турди.

Карера қилишни истаганлар учун

Бешинчи поғонадан Германия жой олди. Мутахассислар мамлакатни Европанинг энг йирик иқтисодиётида карера қилишни истовчилар учун ишончли танлов деб баҳолаган. Топ-10 рўйхатидан Ирландия, АҚШ, Дания, Норвегия ва Испания ҳам ўрин олди.

Фарзандли оилалар учун энг яхши давлат

Болали оилалар учун энг яхши давлатлар рейтингида Испания биринчи бўлди. Таълим сифати, туғруқ таътиллари ва болалар муассасалари имкониятлари асосий мезон сифатида баҳоланди. Ушбу мезон бўйича кучли ўнталикка Хитой, АҚШ, Шри-Ланка, БАА, Австралия, Бангладеш, Буюк Британия, Исландия ва Хорватия ҳам кирди.

Даромад ва яшаш харажатлари мувозанати бўйича эса Саудия Арабистони етакчилик қилди.

Теглар

Мавзуга оид