4 ва 5 қаватли уйларга лифт ўрнатиш дастури тайёрланмоқда

09.07.2025 | 12:453 дақиқа

Қурилиш вазирлиги аввал 2000 дан ортиқ эски лифтни алмаштиришни режалаштирмоқда, сўнгра. янги уйларга ускуналар ўрнатилади.

4 ва 5 қаватли уйларга лифт ўрнатиш дастури тайёрланмоқда
Ўзбекистондаги 4 ва 5 қаватли кўп қаватли уйларга лифт ўрнатиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда 8 июл куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Вазирлик бўлим бошлиғи Азиз Ҳалиловнинг сўзларига кўра, дастлаб 9 ва 12 қаватли уйлардаги мавжуд лифтлар ҳолатига ечим топиш зарур. Ҳукумат қарорига мувофиқ, мамлакат бўйлаб 5 491 та кўп квартирали уйдаги 13 798 та лифт тўлиқ хатловдан ўтказилган. Натижада 2 001 та лифтнинг хизмат муддати ўтгани, 382 таси таъмирталаб экани аниқланган. Бу мақсадда маҳаллий бюджетдан 854,6 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Эскирган лифтлар босқичма-босқич янгилангач, кейинги босқичда 4 ва 5 қаватли уйларга лифт ўрнатиш ишлари бошланади. Бугунги кунда мамлакатда 14 637 та 4 қаватли, 7 541 та 5 қаватли уй мавжуд. Ҳалиловга кўра, мутахассислар хориждаги тажрибаларни ўрганган ва шунга асосланган режалар тайёрланмоқда. Қурилиш вазири ўринбосари Озода Жўраева 4 ва 5 қаватли уйларда яшовчилар, айниқса, ногиронлиги бор шахслардан кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини таъкидлади. Унга кўра, бу мурожаатлар асосида дастур ишлаб чиқиш бошланган.

Теглар

Мавзуга оид