6 ойда иш жойларида 137 киши ҳалок бўлди
Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида меҳнат фаолияти билан боғлиқ 447 та бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб, уларда қарийб 500 киши жабрланган.

2026-йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда меҳнат фаолияти билан боғлиқ 447 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳодисаларнинг 21 таси гуруҳий, 311 таси оғир оқибатли, 113 таси эса ўлим билан якунланган.
Ушбу даврда жами 494 нафар фуқаро жабрланган. Жабрланганларнинг 337 нафари оғир, 20 нафари енгил тан жароҳати олган. Яна 137 нафар ходим эса меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида ҳалок бўлган.
Давлат меҳнат инспекцияси маълумотига кўра, меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида жабрланганлар ҳамда ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари фойдасига бир марталик ва ойлик компенсация тўловлари сифатида жами 10 миллиард 376 миллион сўм ундирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025-йил давомида мамлакатда меҳнат фаолияти билан боғлиқ 849 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.
Уларнинг 216 таси ўлим билан, 583 таси оғир оқибатлар билан, 50 таси эса гуруҳий ҳодисалар бўлган. Жами 961 нафар киши жабрланган бўлиб, уларнинг 248 нафари ҳалок бўлган.





