Logo

7 ойда иш жойларида 156 киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда январь-июль ойларида меҳнат фаолияти билан боғлиқ 529 та бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб, уларда қарийб 580 киши жабрланган.

7 ойда иш жойларида 156 киши ҳалок бўлди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июль ойларида меҳнат фаолияти билан боғлиқ 529 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди.

Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, уларнинг 24 таси гуруҳ бўлиб ишловчилар фаолиятида содир бўлган.

Ҳодисаларнинг 372 таси оғир оқибатли бўлган, 132 таси эса ўлим билан якунланган. Жами 580 киши жабрланган: 156 нафари ҳалок бўлган, 402 киши оғир, 22 киши енгил тан жароҳати олган.

Иш жойларидаги бахтсиз ҳодисалар сони биринчи ярим йилликдаги 447 тадан кейин яна ошган. Бир ой ичида кўрсаткич 82 тага кўпайгани меҳнат хавфсизлиги масаласида хавфлар ҳали ҳам юқори эканини кўрсатади. Айниқса, оғир оқибатли ҳолатлар умумий кўрсаткичнинг катта қисмини ташкил этган.

Саноат ва қурилишда хавф юқори

Энг кўп бахтсиз ҳодиса саноат соҳасида қайд этилган — 168 та. Қурилиш соҳасида 159 та ҳолат аниқланган. Бу икки йўналиш жами ҳодисаларнинг асосий қисмини ташкил қилган.

Соғлиқни сақлаш тизимида 16 та, таълим соҳасида 14 та, давлат бошқарувида 8 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган.

Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 95 та, Тошкент вилоятида эса 58 та бўлган.

Қашқадарёда 38 та, Бухорода 34 та, Андижон ва Самарқанд вилоятларида 33 тадан бахтсиз ҳодиса қайд этилган.

Давлат меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланганлар учун 11 млрд 379 млн сўм миқдорида бир йўла бериладиган ва ойма-ойлик зарар пуллари ундириб берилган.

Теглар

Мавзуга оид

7 ойда иш жойларида 156 киши ҳалок бўлди | Vaqt.uz