
Аҳоли учун ажратилган имтиёзли кўмирни сотганлар аниқланди
Улар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб бериш учун ажратилган кўмирни сотаётган вақтда қўлга олинган.

Андижон вилоятида куз-қиш мавсуми учун ажратилган имтиёзли кўмирни ўғирлаб сотиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Пахтаобод туманидаги омбор экспедитор-кассири Ш.Т. 35,1 тонна кўмирни маҳаллий тадбиркорга 35,1 млн сўмга сотишга келишган. У ушбу келишувдан 2800 доллар пул олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Омборда ўтказилган хатловда 196,1 тонна кўмир камомади ҳам аниқланган.
Қўрғонтепа туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда шу корхонанинг бошқа масъуллари 153,6 тонна имтиёзли кўмирни етти нафар фуқаро ва тадбиркорга ҳар килосини 1200 сўмдан сотиш чоғида қўлга олинган. Бу омбордаги хатловда эса 183,9 тонна камомад қайд этилган.
Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда айбланувчиларнинг ноқонуний фаолияти, кўмир тарқатиш тизимидаги камчиликлар ва бошқа эҳтимолий иштирокчилар фаолияти бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Департамент маълумотларига кўра, имтиёзли кўмирни ноқонуний сотиш айниқса қиш мавсуми арафасида аҳоли манфаатлари ва ижтимоий объектлар таъминотига жиддий зарар келтиради. Тергов муассасалари бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистондан кўмир сотиб олиши ҳақида хабар берилган эди.





