Logo

«Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётган жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади» — пойтахт ҳокими

Бугун 12:552 дақиқа

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилаётгани, бироқ уларнинг бирортаси ёпилмаслиги ёки ўз функциясини йўқотмаслигини маълум қилди.

«Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётган жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади» — пойтахт ҳокими © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкентдаги 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилмоқда. Шаҳар ҳокими уларнинг бирортаси ёпилмаслиги, аммо мавжуд бозорлар замонавий талаблар асосида ўзгартирилишини маълум қилди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов «ЎзА»га берган интервьюсида гапирди.

Бозорлар ўзгариши аҳолини безовта қилиши мумкин

Ҳокимнинг таъкидлашича, аҳоли бозорларнинг ўзгаришидан хавотирга тушиши табиий. Чунки бу жойлар нафақат савдо нуқтаси, балки кўплаб одамлар учун тирикчилик манбаи ҳам ҳисобланади.

«Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётган жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади, аммо айтиш лозимки, ҳозирги бозорлар кўриниши билан ҳам, бизнес модели билан ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди», — деди Шавкат Умурзоқов.

Шу сабабли пойтахтдаги 35 та давлат бозори ва савдо мажмуасини инвесторларга таклиф қилиш режалаштирилмоқда.

Бироқ ҳоким бозорларнинг ёпилиши ёки ўз вазифасини йўқотиши ҳақида гап йўқлигини алоҳида таъкидлади.

«Бирорта бозор ёпилмайди ва ўз функциясини йўқотмайди», — деди у.

Инвесторларга учта шарт қўйилади

Умурзоқовнинг сўзларига кўра, инвесторларга учта асосий шарт белгиланади.

Биринчидан, улар белгиланган ҳажмдаги савдо расталарини замонавий шаклда қуриб, давлатга топшириши керак. Иккинчидан, бозорда фаолият юритаётган мавжуд тадбиркорларнинг иш ўринлари сақлаб қолинади. Учинчи шарт эса етарли сиғимдаги автотураргоҳларни барпо этиш билан боғлиқ.

Бунда инвесторлар бозорнинг самарасиз фойдаланилаётган майдонларида савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектларини қуриш ҳуқуқини олади.

«Экобозор» тажрибаси намуна сифатида келтирилди

Ҳокимнинг айтишича, «Экобозор» тажрибаси бундай моделнинг ишлашини кўрсатган.

Шунингдек, у хориждаги мисолларга ҳам тўхталди. Роттердамдаги Markthal ва Лиссабондаги Time Out Market лойиҳаларида бозорнинг асосий вазифаси сақлаб қолинган ҳолда, улар шаҳарнинг гавжум ва жозибадор нуқталарига айланган.

Умурзоқовнинг фикрича, Тошкентдаги бозорлар ҳам миллий муҳитини ва асосий савдо функциясини сақлаган ҳолда замонавий талаблар асосида ривожланиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz потахтдаги сотувга қўйилган 35 та бозорлар рўйхатини маълум қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид