Logo

Андижон иқтисодиёти 8,8 фоизга ўсди

Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 трлн сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 трлн сўм йўналтирилди.

Андижон иқтисодиёти 8,8 фоизга ўсди © ru.suntravel.uz

Жорий йилнинг биринчи ярмида Андижон вилояти иқтисодиёти 8,8 фоиз, саноат 9,2 фоиз, хизматлар 16,1 фоиз, инвестициялар 8,9 фоизга ўсгани қайд этилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилишда айтилди.

«Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим», — деди давлат раҳбари.

Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, саноат мактаби ва катта бозор каби имкониятлар борлиги таъкидланди.

Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 триллион сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 триллион сўм йўналтирилди. Биргина жорий йилда аҳоли фаровонлигини оширишга 6 триллион сўм ажратилди. Ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар шунга муносиб натижага айланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда инвестицияларнинг ҳажми билан бирга сифати, таркиби ва иқтисодиётга берадиган самарасига алоҳида эътибор қаратилди. Яқинда саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдон Андижонда 7 миллиард доллар инвестиция ва камида 70 минг юқори даромадли иш ўрнига айланиши кераклиги таъкидланди.

Шу билан бирга, жорий йилга режалаштирилган 3,5 миллиард доллар инвестициянинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.

Президент матбуот котибининг ёзишича, ахборот технологиялари хизматлари экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлса-да, соҳанинг технологик базасини мустаҳкамлашга инвестициялар етарли йўналтирилмаяпти.

Давлат раҳбари сармояларни юқори қўшилган қиймат, замонавий технология ва барқарор иш ўринлари яратадиган йўналишларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда 2 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилганди. 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланди.

Теглар

Мавзуга оид