БАА дунёда биринчи бўлиб сунъий интеллектни мактаб дастурига киритди
Бирлашган Араб Амирликлари мактабларида сунъий интеллект мажбурий фан сифатида ўқитилади.

Бирлашган Араб Амирликлари мактабгача таълимдан тортиб 12-синфгача бўлган барча босқичларда сунъий интеллектни мажбурий фанга айлантирган илк давлат бўлди. Бунда ёндашув болаларга технологиядан шунчаки фойдаланишни эмас, балки унинг қандай ишлаши, қаерда хато қилиши ҳамда ундан қачон фойдаланиш кераклигини ўргатишга қаратилган.
«Rest of World» нашрининг ёзишича, БААнинг бу тажрибаси бутун дунёда болаларга сунъий интеллектни қайси ёшдан ва қандай шаклда ўргатиш кераклиги устида баҳс-мунозаралар авж олган бир пайтда амалга ошмоқда.
Болаларга сунъий интеллект қандай ўргатилади?
Дубайдаги «Dubai Schools Al Khawaneej» мактабида бошланғич (1-3) синф ўқувчиларидан генератив сунъий интеллектдан мустақил фойдаланиш талаб этилмайди. Бунинг ўрнига ўқитувчилар уларга технологиянинг моҳиятини турли суҳбатлар, ҳикоялар ва ўйинлар орқали тушунтиради.
Масалан, дарс давомида ўқитувчи сунъий интеллект берган нотўғри маълумотни кўрсатиб, ўқувчилардан хатони топишни сўраши мумкин. Бошқа бир машғулотда эса ўқитувчи ўзини роботдек тутиб, болалардан унга аниқ кўрсатмалар беришни талаб қилади. Бу орқали ўқувчилар машиналар берилган буйруқларга қандай муносабат билдиришини англаб етади.
Мактаб раҳбариятининг таъкидлашича, асосий мақсад болаларни маълум бир технологияга қарам қилиш эмас, аксинча, уларда сунъий интеллектнинг имкониятлари ва чекловларини тушуниш кўникмасини шакллантиришдир.
Мактаб директори Жеймс Эффорднинг айтишича, таълим дастури доирасида ўқувчилар мактабда оммавий ChatGPT ҳисобларидан фойдаланмайди. Қолаверса, дастур бирор-бир аниқ сунъий интеллект моделига ёки махсус қурилмага боғлаб қўйилмаган.
22 минг нафар ўқитувчини тайёрлаш режаси
БАА ҳукумати сунъий интеллектни таълимга жорий этиш билан бирга, педагогларнинг малакасини оширишни ҳам мақсад қилган. Режага кўра, 22 минг нафар ўқитувчи дарс ўтиш, билимларни баҳолаш, ўқув дастурларини таҳлил қилиш ва дарс ишланмаларини тузишда сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатилади.
Дубайнинг Билим ва инсон тараққиёти бошқармаси таълимда рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича кенг қамровли сиёсат ишлаб чиқмоқда. Бошқарма ўз олдига ўқувчиларни тез ўзгараётган технологик муҳитга тайёрлаш ва шахсийлаштирилган таълимни ривожлантириш вазифасини қўйган.
Сунъий интеллектдан айрим ўқувчилар учун таълим материалларини янада тушунарли қилиш мақсадида ҳам фойдаланилмоқда. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бу технология мураккаб матнларни соддалаштириш, инглиз тилини ўрганаётган болалар учун материалларни таржима қилиш ва янги луғатлар тузишда қўл келмоқда.
Технологиядан фойдаланиш қатъий чекловлар асосида кечади
БАА мактабларида сунъий интеллектнинг жорий этилиши болалар ундан исталганча фойдаланиши мумкинлигини англатмайди.
Маълумотларга кўра, мактабларда иловалар қатъий назоратга олинган ва махсус хавфсизлик филтрлари ўрнатилган. Кичик ёшдаги ўқувчилар сунъий интеллект билан бевосита жуда кам ишлайди. Юқори синф ўқувчилари эса фақат мактаб томонидан тасдиқланган айрим иловалардангина чекланган тартибда фойдалана олади.
Бу дастурни амалиётга татбиқ этишда ўқитувчиларнинг тайёргарлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Хусусан, «Dubai Schools Al Khawaneej» мактабида педагоглар дастлабки ўқув курслари, мунтазам йўриқномалар, дарс қўлланмалари ва тайёр сўров намуналари билан таъминланади. Технологиядан фойдаланиш самарадорлиги эса дарс кузатувлари, ўқувчиларнинг ишлари ва ўқитувчиларнинг фикрлари асосида баҳолаб борилади.
Ота-оналарни нима ташвишга солмоқда?
Албатта, бу янгича ёндашув ҳамма саволларга ҳам тўлиқ жавоб бергани йўқ. Айрим ота-оналар таълим дастурига сунъий интеллектнинг киритилиши борасида улар билан олдиндан маслаҳатлашилмаганини билдирган. Бироқ шунга қарамай, улар технологиянинг мактабларда ўргатилишига ижобий муносабатда бўлган.
Ота-оналарни асосан болаларнинг қурилмалар қаршисида қанча вақт сарфлаши, интернет хавфсизлиги, шахсий маълумотларнинг дахлсизлиги ва мактабларда айнан қайси дастурлардан фойдаланилиши каби масалалар қизиқтирмоқда.
«AI Safety Asia» ташкилоти ҳаммуассиси Эдвард Цойнинг фикрича, болалар мураккаб вазифаларни сунъий интеллект ёрдамида осонлаштиришга ўрганишдан аввал, уларда мустақил фикрлаш ва муаммоларни ҳал этиш кўникмалари шаклланган бўлиши керак. У сунъий интеллект ҳақида тушунча бериш билан боланинг қўлига тайёр воситани тутқазиб қўйиш ўртасида аниқ чегара бўлиши шартлигини таъкидлаган.
БАА тажрибасини бошқа давлатларда ҳам қўллаш мумкинми?
Бугунги кунда дунё мамлакатларида болаларга сунъий интеллектни ўргатиш бўйича ягона ёндашув йўқ. БАА ва Хитой бу йўналишни миллий устувор вазифалар қаторига қўшаётган бир пайтда, айрим Ғарб давлатлари кўпроқ болаларни технологиянинг эҳтимолий салбий таъсирларидан ҳимоя қилишга урғу бермоқда.
Масалан, Ню-Йорк шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари ва саккизинчи синфгача бўлган давлат мактабларида ўқувчиларнинг генератив сунъий интеллектдан фойдаланишига бир йиллик тақиқ жорий этилган. Бу қарор биринчи навбатда болаларнинг руҳий саломатлигини асраш мақсадида қабул қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, БАА тажрибасини бошқа давлатларга тўлиқ кўчириш бироз мураккаб. Сабаби, ҳар бир мамлакатнинг молиявий имконияти, таълим тизими ва малакали педагоглар билан таъминланганлик даражаси турлича.
БАА мисолида кўриш мумкинки, сунъий интеллектни мактаб таълимига олиб кириш шунчаки янги технологиядан фойдаланишни ўргатишдан иборат эмас. Бу жараёнда ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши, ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлиги, болалар хавфсизлиги ва ота-оналарни тўғри хабардор қилиш каби муҳим масалалар биринчи ўринга чиқади.





