Байрам кунлари Ўзбекистон бўйлаб қандай об-ҳаво кутилмоқда?
31-август кунидан бошлаб Ўзбекистонда ҳаво аста-секин салқинлашиб, +25...+30 даражагача пасаяди.
© president.uzЁзнинг сўнгги кунларида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундузги ҳаво ҳарорати асосан +33...+38 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +39...+40 даражагача бўлади.
Август ойининг сўнгги кунларида эса мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади ва 31-августга келиб кундузги ҳарорат 25-30 даражагача пасаяди.
1-сентябр куни нисбатан салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади, ҳаво ҳарорати +3...+5 даражага пасаяди.
Ушбу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси шимолида бугун ва эртага бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги секундига 13-18 метргача кучаяди, айрим жойларда баъзида 20-22 метргача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи 28-30-августда +35...+38 даража, 31-августда +34...+36 даража, 1-сентябрда +30...+32 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +20...+22 даража, 1-сентябрда +16...+18 даража бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, шимоли-ғарбдан секундига 3-8 метр тезликда эсади, вақти-вақти билан 10-12 метргача кучайиши, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.





