Logo

Британияда ҳокимият алмашди: энди Бёрнем янги бош вазир бўлди

Кеча 20:261 дақиқа

У биринчи навбатда Доналд Трамп ва Володимир Зеленский билан гаплашиб олмоқчи.

Британияда ҳокимият алмашди: энди Бёрнем янги бош вазир бўлди

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер қирол Карл III билан учрашувда расман истеъфога чиқди. Бу ҳақда Букингем саройи маълум қилди.

Қайд этилишича, қирол Стармернинг бош вазир ва Ғазначиликнинг биринчи лорди лавозимларидан кетиш тўғрисидаги аризасини қабул қилди. Учрашувдан олдин Даунинг-стритда сўзлаган Стармер ўзининг «миссияси бажарилганини» айтди.

Унинг таъкидлашича, 2019 йилги сайловдаги мағлубиятдан кейин Лейбористлар партиясини инқироздан олиб чиққан ва уни 2024 йилги умумий сайловларда ғалабага етаклаган.

Бёрнем янги ҳукумат тузади

Карл III Стармер истеъфосини қабул қилгач, Лейбористлар партиясининг янги раҳбари Энди Бёрнемга ҳукуматни шакллантириш вазифасини юклади.

Шундан сўнг Бёрнем расман Буюк Британия бош вазири лавозимига киришди. Даунинг-стритдаги илк нутқида у мамлакатда «тубдан янгиланиш» даврини бошлашини ҳамда янги сиёсий ва иқтисодий курсга ўтилишини маълум қилди.

Шунингдек, у илк ташқи сиёсий қадамларидан бири сифатида АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилишини билдирди.

Украина бўйича сиёсат ўзгармайди

Янги бош вазир Буюк Британиянинг Украинага бўлган қўллаб-қувватлаши ўзгармаслигини ҳам таъкидлади.

Аввалроқ, Кир Стармер партия маҳаллий сайловларда мағлубиятга учрагани ва Лейбористлар партияси ичида босим кучайганидан сўнг лавозимини тарк этишга қарор қилган эди.

17 июл куни Энди Бёрнем муқобилсиз овоз бериш йўли билан лейбористларнинг янги етакчиси этиб сайланди.

Теглар

Мавзуга оид