Бу йил 209 минг киши талаба бўлди : грант, контракт ва ўтиш баллари қандай ўзгарди?
Бу йил имтиҳон топширган ҳар уч абитуриентдан бири минимал ўтиш балини ҳам тўплай олмаган бўлса-да, ОТМларга кириш баллари рекорд даражада ошди. Айниқса, даволаш иши, иқтисодиёт ҳамда инглиз тили филологияси йўналишларида рақобат ва ўтиш баллари ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлди. Vaqt.uz 2026/2027-ўқув йили мандат натижалари, давлат гранти ва контракт кўрсаткичлари ҳамда баллар ўзгаришини бир саҳифага жамлади.
© Foto: Sputnik2026/2027-ўқув йили учун ОТМларнинг бакалавриат йўналишларига 677 минг 907 абитуриент ҳужжат топширди. Уларнинг 451 минг 744 нафари ёки 66,6 фоизи бу йилги битирувчилар, 226 минг 163 нафари эса аввалги йилларда ўқишни тамомлаган абитуриентлардан иборат бўлди.
Жами абитуриентларнинг 365 минг 196 нафарини қизлар, 312 минг 711 нафарини йигитлар ташкил этди. Қизлар сони йигитлардан 52 минг 485 нафарга кўп.
Абитуриентлар сони сўнгги 7 йилда қандай ўзгарди?
Сўнгги йиллар статистикаси ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар сони доимий камайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Масалан, 2020-йилда абитуриентлар сони рекорд даражага етиб, 1 млн 484 минг нафарни ташкил қилганди. 2026-йилга келиб эса бу кўрсаткич 677 минг 900 нафарга тушди. Яъни, 2020-йилги энг юқори нуқта билан солиштирганда, давлат ОТМларига ҳужжат топширганлар сони қарийб 54 фоизга камайган. 2022-йилдаги ўсишни (1,21 млн) ҳисобга олмаса, кетма-кет тўртинчи йил абитуриентлар сонида қисқариш кузатиляпти.
Бу статистикага қараб, олий таълимга талаб пасайди, деган хулоса қилиб бўлмайди. Чунки давлат ОТМ ларига ҳужжат топширганлар камайганига бир қанча омиллар таъсир қилмоқда. Масалан, охирги йилларда хусусий ва хорижий ОТМлар кўпайгани ёшларга муқобил имкониятлар яратди.
Қолаверса, ёшлар анъанавий диплом ўрнига IT, замонавий касблар ёки хорижда ўқишни танламоқда.
Шунингдек, йиллар давомида имтиҳондан ўта олмай, статистикани ошириб келган «стажли абитуриентлар» камайган, ҳозир асосан жорий йил битирувчилари ҳужжат топширган. Натижада шунчаки таваккал қилиб ҳужжат топширадиганлар камайиб, жараён реал мақсад қўйган ёшлар ҳисобига шаклланмоқда.
Талабалар сони ошмоқда
Абитуриентларнинг умумий сони камайганига қарамай, талаба бўлганлар сони йилдан-йилга ортмоқда. Умуман олганда, сўнгги 6 йилда талабаликка тавсия этилганлар 69 мингга кўпайди.
Бунга ОТМларда ажратилаётган қабул квоталарининг кенгайтирилгани ва янги йўналишлар очилгани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Хусусан 2026/2027-ўқув йили учун бакалавриат йўналишларига 209 минг 100 абитуриент талабаликка тавсия этилди.
Уларнинг 52 минг 800 нафари давлат гранти, 156 минг 300 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия қилинди. Натижада жами абитуриентларнинг 25,2 фоизи грант, 74,8 фоизи контракт асосида талаба бўлиш имкониятига эга бўлди.
Бу йил давлат гранти асосида ўқишга кириш учун ўртача ўтиш бали 134,6 балл, тўлов-контракт бўйича эса 93,7 баллни ташкил этди.
Таққослаш учун, 2025/2026-ўқув йилида грант бўйича ўртача ўтиш бали 121,8 балл, контракт бўйича эса 84,9 балл бўлган. Шундай қилиб, бир йил ичида грант бўйича ўртача ўтиш бали 12,8 баллга, контракт бўйича эса 8,8 баллга ошган.
Аммо 2026-йилги қабулни фақат абитуриентлар ва қабул қилинганлар сони билан баҳолаб бўлмайди. Бу йил ОТМга киришда миллий ва халқаро сертификатларнинг аҳамияти ҳам сезиларли даражада ошди.
Сертификатга эга абитуриентлар сони 2,3 баробарга ошди
Умумтаълим фанлари бўйича сертификатга эга 193 минг 186 абитуриент рўйхатдан ўтган. Ўтган йили эса бу кўрсаткич 85 минг 140 киши эди. Бир йил ичида сертификатга эга абитуриентлар сони 108 минг 46 нафарга ёки қарийб 2,3 баробарга кўпайган.
Чет тиллари бўйича сертификатга эга абитуриентлар сони ҳам юқорилган. 2026-йилда 125 минг 354 абитуриентда шундай сертификат бор эди.
Сертификатнинг қабулдаги аҳамияти тест синовларидан озод қилинганлар сонида ҳам кўринади. Бу йил барча фанлардан тегишли миллий ёки халқаро сертификатга эга 12 минг 997 абитуриент тест топширишдан озод қилиниб, танловнинг кейинги босқичида қатнашган. 2025-йилда эса бундай абитуриентлар сони 678 нафар эди. Демак, бир йил ичида тестдан озод қилинганлар сони қарийб 19 баробарга ошган.
Шундай қилиб, 2026-йил қабулида абитуриентларнинг умумий сони камайган бўлса-да, сертификатга эга бўлганлар сони аксинча сезиларли кўпайди. Келгуси йилларда сертификатсиз давлат грантига (бюджетга) кириш анча қийинлашади.
Бошқача айтганда, сертификатли абитуриентлар имтиҳондан аввал маълум фанлардан максимал баллни нақд қилиб қўяди. Грант ўринлари эса чегараланган. Натижада юқори ўринларни, табиийки, «тайёр балли» абитуриентлар эгаллайди.
Сертификат олмаганлар эса имтиҳонда ҳар қанча яхши қатнашмасин, грантга етадиган балл тўплаши қийинлашаверади.
Ҳар уч абитуриентдан биттаси минимал балл тўплай олмади
Шу билан бирга, тест синовларида қатнашган абитуриентларнинг 37,5 фоизи 56,7 баллик минимал чегарадан ҳам ўта олмаган. Яъни, тестда қатнашганларнинг қарийб ҳар уч нафардан бири белгиланган минимал натижани тўплай олмаган.
Бироқ статистикага назар ташласак, бу кўрсаткич сўнгги йилларда яхшиланиб бормоқда. Масалан, минимал баллни йиға олмаганлар улуши 2023/2024-ўқув йилида 46 фоизни ташкил этган бўлса, 2024/2025-ўқув йилида 43 фоизга, 2025/2026-ўқув йилида 41 фоизга, жорий қабулда эса 37,5 фоизгача пасайган.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов ушбу ижобий ўзгаришни абитуриентларнинг тайёргарлик даражаси ошгани ҳамда тест синовларидаги натижалар йилдан-йилга яхшиланиб бораётгани билан изоҳлади.
Бироқ минимал кўрсаткичлар яхшилангани ва умумий абитуриентлар сони камайгани ОТМга киришдаги рақобат пасайганини англатмайди. Бунда ўтиш бали фақат ҳужжат топширганлар сонига эмас, балки абитуриентларнинг реал тест натижалари, танланган йўналишдаги талаб ҳамда юқори балл тўплаганлар (хусусан, сертификатли абитуриентлар) сонига бевосита боғлиқ.
Айниқса, бу йил абитуриентлар орасида қайси ОТМ ва йўналишларга талаб юқори бўлгани ҳам танловдаги рақобатни кўрсатади. Вазирлик маълумотларига кўра, абитуриентлар энг кўп танлаган ОТМлар қаторида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Миллий университети етакчилик қилган.
Таълим йўналишлари бўйича эса энг юқори қизиқиш «Даволаш иши», «Иқтисодиёт» ва «Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили» йўналишларига кузатилган.
Имтиёзлар асосида нечта абитуриент талаба бўлди?
2026/2027-ўқув йилида умумий танловдан ташқари айрим тоифалар учун қўшимча грант ва алоҳида қабул ўринлари ҳам ажратилди. Улар ногиронлиги бўлган шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар, ҳарбий хизматчилар фарзандлари ҳамда «Ижтимоий реестр»га киритилган оилалар фарзандларини қамраб олди.

Бундан ташқари, Қуролли кучлар ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари фарзандлари, ўрмончилар ва уларнинг фарзандлари учун ҳам алоҳида қабул квоталари белгиланган. Хориждаги ёш ватандошлар учун эса 30 та давлат гранти ажратилган.
Қабул параметрлари доирасида айрим йўналишларга ҳам қўшимча эътибор қаратилди. Хусусан, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича давлат гранти квоталари 35 фоизга оширилди. Мактаб таълими, соғлиқни сақлаш ва санъат соҳалари учун ҳам мақсадли қабул ўринлари ажратилган.
Қабул якунларига кўра, имтиёзлар ва алоҳида қабул кўрсаткичлари асосида 20,5 минг абитуриент талабаликка тавсия этилди. Бу умумий танлов натижаларидан алоҳида кўрсаткич бўлиб, имтиёзли тоифалар бўйича якуний тавсия этилганлар сонини билдиради.





