Logo

Энди крипто-компанияларга раҳбар тайинлашда ҳам ILMA розилиги талаб этилади

Бугун 15:252 дақиқа

Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Энди компания улушини сотиш, раҳбариятни алмаштириш ҳамда айрим инвесторларни жалб этиш фақат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Энди крипто-компанияларга раҳбар тайинлашда ҳам ILMA розилиги талаб этилади © finance.yahoo.com

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ILMA) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Қарор Lex.uz порталида эълон қилинди.

Янги тартибга кўра, крипто-активлар бозорида фаолият юритувчи компаниялар директор ёки унинг ўринбосарларини тайинлашдан олдин ILMA билан келишиши шарт. Ҳатто ўз устав капиталидаги улушни жисмоний ёки юридик шахсларга, жумладан норезидентларга сотиш ҳам агентлик томонидан назорат қилинади.

Ўз ўрнида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида уни кўриб чиқади ва келишиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда аризаларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди ва қарор бир иш куни ичида лицензиатга етказилади.

Хизматлар провайдерларини бошқариши тақиқланадиган шахслар рўйхати янгиланди

Энди террорчилик фаолияти ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки бунга алоқадорликда гумон қилинаётган, иқтисодий жиноятлар, пул ювиш, терроризмни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, коррупция, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ҳамда ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятлар учун судланган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг компанияларни бошқаришига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда доимий яшаётган ёки рўйхатдан ўтган шахсларнинг крипто-провайдерларни бошқариши ҳам тақиқланади. Худди шундай чекловлар бундай шахслар ва компанияларнинг хизматлар провайдерлари устав капиталида иштирок этишига ҳам тааллуқли.

Келишув олиш учун компаниялар мурожаат билан бирга янги инвестор ёки раҳбар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши керак. Юридик шахслар бўйича таъсисчилар таркиби охирги бенефициар мулкдоргача очиқланиши лозим.

Агар потенциал инвестор ёки унинг раҳбарияти чет эл фуқаролари бўлса, улар ваколатли орган берган судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномани апостиль қўйилган ёки белгиланган тартибда легаллаштирилган ҳолда, шунингдек унинг давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимасини тақдим этиши талаб этилади.

Юқоридаги ўзгаришлар 1-октябрдан эътиборан кучга киради. Эслатиб ўтамиз, айни вақтда мамлакатда крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолият юритаётган жами провайдерлар сони 13 тани ташкил қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид