Logo

Энг кўп коррупция жиноятлари Андижонда қайд этилган — сенатор

Бугун 14:252 дақиқа

2025 йилда Ўзбекистонда коррупция жиноятлари бўйича 7,5 мингдан ортиқ шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Энг кўп ҳолатлар эса Андижон вилоятида қайд этилган.

Энг кўп коррупция жиноятлари Андижонда қайд этилган — сенатор © istock

Ўзбекистонда 2025 йил давомида коррупцияга оид жиноятлар учун 7 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда 8 август куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида сенатор Абдуҳаким Эшмуродов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, коррупция жиноятлари оқибатида давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилган. Сенатор мазкур рақамлар мамлакатда коррупцияга қарши кураш доирасида аниқланган жиноятлар кўламини кўрсатишини таъкидлади.

Эшмуродовнинг айтишича, энг кўп коррупция жиноятлари Андижон вилоятида қайд этилган. Кейинги ўринларда эса Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд ва Наманган вилоятлари қайд этилган.

Ҳудудлар ва соҳалар

Сенатор келтирган маълумотларга кўра, коррупция жиноятларини содир этган шахслар сони Андижонда 946 нафарни, Тошкент вилоятида 793 нафарни, Қашқадарёда 745 нафарни, Самарқандда 709 нафарни ва Наманганда 509 нафарни ташкил этган.

Соҳалар кесимида энг кўп жиноий жавобгарликка тортилганлар мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари бўлиб, уларнинг сони 580 нафарга етган.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларда 497 нафар, соғлиқни сақлаш ташкилотларида 404 нафар, тижорат банкларида 245 нафар ҳамда олий таълим муассасаларида 161 нафар ходим коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.

Абдуҳаким Эшмуродов коррупция жиноятлари сонининг ошишини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан уларни аниқлаш ва фош этиш ишлари фаоллашгани билан изоҳлади.

Шу билан бирга, у вазирлик ва идоралардаги ички назорат тизимлари етарли даражада самарали ишламаётганини танқид қилди. Сенаторнинг таъкидлашича, айрим ташкилотларда комплаенс-назорат тузилмалари коррупциянинг олдини олиш воситаси эмас, балки ҳисобот тайёрлаш билан чекланиб қолмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Энг кўп коррупция жиноятлари Андижонда қайд этилган — сенатор | Vaqt.uz