Logo

Эскроу тизими орқали бир ойда 40 мингдан ортиқ битим ўтказилди

11.05.2026 | 20:001 дақиқа

Ўзбекистонда апрел ойидан жорий этилган эскроу тизими орқали бир ой ичида 40 мингдан зиёд кўчмас мулк ва автомобил олди-сотди битимлари расмийлаштирилди.

Эскроу тизими орқали бир ойда 40 мингдан ортиқ битим ўтказилди © Getty Imagеs

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотдисида янги ҳисоб-китоб тартиби жорий этилганди. Энди бундай битимлар эскроу ҳисобварағи орқали амалга оширилмоқда.

Янги механизмга кўра, харидор маблағни тўғридан-тўғри сотувчига ўтказмайди. Банк битимда воситачи сифатида иштирок этади ва маблағни махсус ҳисобварақда сақлаб туради. Пул фақат битим тўлиқ якунланганидан кейин сотувчига ўтказилади.

Марказий банк маълумотига кўра, 1 апрелдан 7 майгача бўлган даврда эскроу тизими орқали жами 40 767 та битим амалга оширилган. Шундан 23 804 таси транспорт воситалари, 16 963 таси эса кўчмас мулк олди-сотдиси ҳиссасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди — 11 679 та битим. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти 3940 та ва Самарқанд вилояти 3614 та битим билан жойлашди.

Шунингдек, Андижон вилоятида 3128 та, Наманган вилоятида эса 2856 та олди-сотди операцияси эскроу тизими орқали расмийлаштирилган.

Аввалроқ мамлакат маркетплейсларида ҳам эскроу тўлов тизимини жорий этиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид