Logo

«FIDE» мукофоти: Абдусатторов «Энг яхши шахматчи», Синдоров эса «Йил кашфиёти» бўлишга даъвогар

Кеча 21:482 дақиқа

Халқаро шахмат федерациясининг «FIDE Excellence Awards» мукофоти номзодлари эълон қилинди.

«FIDE» мукофоти: Абдусатторов «Энг яхши шахматчи», Синдоров эса «Йил кашфиёти» бўлишга даъвогар

Халқаро шахмат федерацияси («FIDE») ўзининг тарихдаги илк «FIDE Excellence Awards» мукофоти учун номзодларнинг қисқа рўйхатини (шорт-лист) эълон қилди. Ушбу нуфузли мукофотга даъвогарлар қаторидан ўзбекистонлик гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда шахмат федерацияси жой олди.

Энг яхши эркак шахматчи ва йил кашфиёти

«Энг яхши эркак шахматчи» номинациясида ғолиблик учун бирданига икки нафар ҳамюртимиз — Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров кураш олиб боради. Ушбу йўналишда уларга жаҳон шахмат тожининг собиқ соҳиби Магнус Карлсен, шунингдек, Фабиано Каруана, Аржун Эригайси, Алиреза Фирузжа, Аниш Гири, Гукеш Доммаражу, Винсент Каймер ва Рамешбабу Прагнанандха каби дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари рақиблик қилади.

Жавоҳир Синдоров, шунингдек, «Йил кашфиёти» (Рўкиэ оф тҳэ Йеар) мукофотига ҳам даъвогарлик қилмоқда. Бу номинацияда унинг рақиблари Дивья Дешмух, Ягиз Каан Эрдогмуш, Фаустино Оро, Гукеш Доммаражу, Анастасия Гнатишин, Винсент Каймер, Володар Мурзин, Энди Вудворд ва Чжу Цзиньэр бўлди.

Федерация, терма жамоа ва маҳаллий турнир эътирофи

Ўзбекистон эркаклар миллий терма жамоаси «Энг яхши жамоа» тоифасида номзодлар қаторига киритилди. Бу йўналишда ҳамюртларимиз Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва АҚШ каби кучли терма жамоалар билан беллашади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон шахмат федерацияси «Энг яхши федерация» номинациясида даъвогар сифатида қайд этилган бўлса, мамлакатимизда ўтказилган «UzChess Cup» мусобақаси «Энг яхши турнир» (айланма тизимда) йўналишида энг кучли ўнталикка кирди. Мазкур тоифада маҳаллий турниримизга «Grand Chess Tour», «Norway Chess» ва «Tata Steel Chess Tournament» каби дунёга машҳур мусобақалар рақобатчи бўлди.

Ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш маросими
Ушбу мукофот 2024 йилнинг сентябридан 2026 йилнинг августигача бўлган даврдаги жаҳон шахмат ҳамжамиятидаги энг яхши натижаларни эътироф этади. Қисқа рўйхатлар тасдиқлангач, танлов жараёни «FIDE»нинг махсус ҳакамлар ҳайъатига ўтказилади. Мутахассислар барча номзодларни кўриб чиқади ва ҳар бир тоифадаги ғолибни овоз бериш йўли билан аниқлайди.

Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими 2026 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу тадбир 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида ташкил этилиши режалаштирилган.

Теглар