Fitch «Anorbank» рейтингини яна пасайтирди
Халқаро рейтинг агентлиги банкнинг асосий акциядорига нисбатан Интерпол «қизил ёрлиқ» эълон қилганини сабаб қилиб кўрсатди. Марказий банк бундай ҳолат банк фаолиятига таъсир қилмаётганини билдирди.

Fitch Ratings 8 октябрь куни «Anorbank»нинг миллий ва хорижий валютадаги узоқ муддатли рейтингини «CCC+» дан «CCC» га туширди. Банкнинг ҳаётийлик рейтинги ҳам «ccc+» дан «ccc» га пасайди. Иккала рейтинг «салбий» кузатув рўйхатига киритилди. Бу рейтинг сентябрь ойидан бери иккинчи марта пасайиши.
Агентлик банкнинг асосий акциядори Каҳрамонжон Олимовга нисбатан Интерпол «қизил ёрлиқ» эълон қилганини қарор асоси сифатида қайд этди. Fitch фикрича, бу ҳолат банкнинг тўлов қобилиятига хавфни оширган.
2025 йил охирида банкнинг Fitch Core Capital кўрсаткичи хавф бўйича тортилган активларга нисбатан атиги 0,9 фоизни ташкил этган. Банк 2026 йил охиригача бу кўрсаткични 5 фоизга етказиш режасини қабул қилган. Агентлик бунинг учун акциядордан сезиларли миқдорда капитал киритиш талаб этилишини, режа амалга ошишига эса ишончи паст эканини таъкидлади.
Fitch банкнинг корпоратив бошқарувига оид ESG омилининг аҳамиятини 3 дан 5 баллга оширди. Бунга сабаб «асосий шахс» билан боғлиқ хавфлар ва акциядорга қарши даъволардир.
Агентлик ҳаётийлик рейтингини «f» даражасигача туширишга имкон қолдирди. Бу банк фаолиятини давом эттира олмаслиги, масалан, зарар кўриши ёки капиталга бўлган минимал талабларни бузиши ҳолатида содир бўлиши мумкин. Рейтингни ошириш эҳтимоли жуда паст деб баҳоланди. Агар акциядорга оид ҳуқуқий жараёнлар банк учун бошқарилса бўладиган хавф эканини кўрсатса, рейтинг тасдиқланиб, кузатув рўйхатидан чиқарилиши мумкин.
Давлат қўллови рейтинги «қўллов йўқ» даражасида қолмоқда. Fitch буни тизимли аҳамиятга эга бўлмаган банклар тўловга қодир бўлмай қолганда уларни тугатишни назарда тутувчи янги қонун билан боғлади.
Банкнинг ва Марказий банкнинг позицияси
«Anorbank» хабарига кўра, 5 октябрь куни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида 100 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқариш тасдиқланган. Банк бунинг натижасида капиталлаштириш режаси алоҳида акциядор билан боғлиқ ҳолатларга боғлиқ бўлмай қолишини билдирди.
Бундан ташқари, 2 октябрь куни Олимов кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берган. Масала 28 октябрь куни акциядорлар йиғилишида кўриб чиқилади.
Марказий банк «Anorbank» фаолияти ўзгаришсиз давом этаётганини, омонат, кредит ва тўлов операциялари узлуксиз бажарилаётганини билдирди. Регулятор алоҳида акциядорга оид ҳолатлар банкнинг кундалик фаолияти ва молиявий барқарорлигини белгиламаслигини таъкидлади.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига:
• банк активлари 21,4 трлн сўм, мажбуриятлари 19,8 трлн сўмни ташкил этган;
• юқори ликвид активлар улуши 16,9 фоиз (минимал талаб 10 фоиз);
• ликвидлик қоплаш коэффициенти 116 фоиз, барқарор молиялаштириш коэффициенти 128 фоиз (минимал талаб 100 фоиздан);
• капитал етарлилиги 13 фоиз (минимал талаб 12 фоиз).
Регулятор бу кўрсаткичлар пруденциал талабларга мувофиқ эканини маълум қилди.
Акциядор ҳақида нималар маълум
Интерпол очиқ базасида Олимов «қизил ёрлиқ» остида кўрсатилган. Профилда қайси айб қўйилгани, иш ҳолатлари ва ёрлиқни қайси давлат сўраганига оид маълумот йўқ. Интерпол «қизил ёрлиқ» халқаро қидирув тартибидаги сўров эканини, уни халқаро хибсга олиш ордери деб бўлмаслигини тушунтиради.
The Insider нашри 18 сентябрь куни Олимов яқинларидан бирига таяниб, у Ўзбекистонда ғойибона қамоққа олинганини, иш одам ўғирлашни ташкил этишда айбланиши билан боғлиқлигини ёзган эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу маълумотни расман тасдиқламаган.
«Anorbank» бу хабарларни акциядорнинг шахсий ишига оид деб баҳолаб, уларни банк капитали ва бошқарувига боғлаш нотўғри эканини билдирган.
Банк акцияларининг 49,4 фоизи Олимовга, 50 фоизи Нидерландиянинг Bekamin B.V. компаниясига, 0,6 фоизи «Kapital Sug’urta» суғурта компаниясига тегишли.
Олдинги пасайиш
Fitch 14 сентябрь куни банк рейтингини «B-» дан «CCC+» га туширган эди. Агентлик қарорини капиталнинг сезиларли даражада камайиши ва банкнинг юқори хавф профили билан изоҳлаган. «Anorbank» ўшанда ҳам банк хизматлари одатдагидек ишлашини, ликвидлик заҳираси етарли эканини билдирган.




