Logo

Ҳиндистондаги меҳмонхонада юз берган ёнғин қурбонлари орасида бир нафар ўзбекистонлик борлиги маълум бўлди

Бугун 14:552 дақиқа

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Деҳлидаги меҳмонхона ёнғини қурбонлари орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлигини маълум қилди. Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ бу маълумотни рад этган эди.

Ҳиндистондаги меҳмонхонада юз берган ёнғин қурбонлари орасида бир нафар ўзбекистонлик борлиги маълум бўлди © Reuters

Ню Деҳлининг жанубида жойлашган меҳмонхонада содир бўлган йирик ёнғин оқибатида камида 13 нафар чет эл фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Рандҳир Жаисwал маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида бир нафардан Мозамбик, Ўзбекистон, Бангладеш, Либерия, Конго ва Ироқ фуқаролари, шунингдек тўрт нафар Нигерия ва уч нафар Қирғизистон фуқароси бор.

Вазирлик вакили ҳодиса оқибатида 20 нафардан ортиқ чет эл фуқароси турли даражада жароҳат олганини ҳам маълум қилди. Ҳиндистон ҳукумати жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли дипломатик ваколатхоналар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Рандҳир Жайсвалнинг таъкидлашича, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги барча манфаатдор давлатлар элчихоналари билан алоқа ўрнатган. Маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, шифохоналар билан ҳамкорлик қилиш ва консуллик ёрдамини кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.

Вазирлик вакили ҳодисадан жабрланган чет эл фуқароларига тиббий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш давом этаётганини қайд этди.

Мазкур ёнғин 3 июн куни содир бўлган. Маҳаллий расмий маълумотларга кўра, фожиа оқибатида жами 21 киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг катта қисми хорижий давлатлар фуқароларидан иборат экани билдирилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ тарқатган маълумотида ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилган эди. Ҳиндистон ТИВнинг сўнгги баёноти икки давлат расмий маълумотлари ўртасида тафовут юзага келганини кўрсатмоқда.

Ҳозирча мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон томонидан қўшимча расмий изоҳ берилмаган.

Теглар

Мавзуга оид