
Ҳонконгдаги ёнғинда ўзбекистонликлар жабр кўрмаган — ТИВ
Ҳонконгдаги йирик турар жой мажмуасида содир бўлган ҳалокатли ёнғин бўйича олиб борилган текширувларда Ўзбекистон фуқаролари жабрланмагани тасдиқланди.

Ҳонконгда 26 ноябр куни юз берган йирик ёнғиндан сўнг маҳаллий ҳокимият ва тиббий хизматлар орқали олинаётган маълумотлар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар орасида йўқлигини кўрсатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, фожиа ҳақидаги хабар расман тарқалиши биланоқ Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва консуллик муассасалари маҳаллий идоралар билан зудлик билан алоқа ўрнатди. Ҳонконг расмийларидан олинган тасдиқларга кўра, ҳалок бўлган 128 нафар шахс ва жароҳат олган 79 нафар фуқаро орасида ўзбекистонликлар йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани назоратда ушлаб турибди.
«Ҳонконгдаги турар жой мажмуасида юз берган фожиали ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва чуқур таъзиямизни билдирамиз. Жароҳат олганларга эса тез фурсатларда шифо тилаймиз», дейилади хабарда.
Аҳрор Бурхонов зарурат юзага келганда ёрдамга муҳтож фуқаролар қуйидаги рақамларга мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирди
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси:
Телефон: +86 185 1441 7274
Телефон: +86 (10) 6532 6305
Факс: +86 (10) 6532 6304
E-mail: ch.uzembassy@mfa.uz
Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консуллиги:
Телефон: +86 132 4800 8171
Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консуллиги:
Телефон: +86 132 4970 0996
Маълумот учун, ёнғин қурилиш жараёнида ўрнатилган бамбук нарвонлари орқали тез тарқалгани ва бир нечта баланд бинони қамраб олгани айтилмоқда. Ҳозирда Ҳонконг қутқарув хизмати оловнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқда.





