Ижтимоий реестрдагилар номидан 1,4 млрд сўм кешбэк ундирганларга жиноят иши қўзғатилди
Улар ушбу пулларни ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар номидан ундирган.
© Soliq.uz ilovasiТошкент шаҳрида 3 та корхона масъуллари ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар номидан сохта чекларни рўйхатдан ўтказиш орқали 1,4 миллиард сўмлик солиқ кешбэкларини талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими ва Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда «E.P.», «M.M.» ва «E.S.» МЧЖ масъуллари ўзаро тил бириктиргани маълум бўлди. Улар гўёки 322,4 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирган ва назорат-касса машиналари орқали 3 363 та қалбаки харид чекини чиқарган.
Ушбу чеклар Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар номидан «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилиб, 1,4 миллиард сўм бюджет маблағлари кешбэк сифатида ўзлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, куни кеча Жиззах вилоятида ҳам худди шундай фирибгарлик схемаси фош этилган эди. Унда фуқаролар корхоналар билан тил бириктириб, 16,6 миллиард сўмлик сохта харидлар учун 3 106 та чек чиқарган ва илова орқали 1,9 миллиард сўм кешбэк пулларини ўзлаштирган. Уларга нисбатан ҳам тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.





