add

IPO оддий инвестор учун нимани англатади?

28.11.2025 | 16:254156 дақиқа

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фонд бозори сезиларли фаоллашиши ортидан акциялар билан бирга IPO атамаси ҳам тез-тез учрайдиган терминга айланади. Кўпчилик учун бу ҳали ҳам «фақат катта инвесторлар» тушунадиган мураккаб жараён бўлиб туюлади. Аслида, IPO оддий фуқарони ҳам реал акциядорга айлантирадиган механизмдир.

IPO оддий инвестор учун нимани англатади?

Хўш, IPO ўзи нима?

IPO (Initial Public Offering) компаниянинг акциялари биринчи марта кенг оммага таклиф қилиниши, яъни бирламчи оммавий жойлаштирилиши ҳисобланади. Буни қуйидагича тасаввур қилиш мумкин: қўшнингиз муваффақиятли бизнес очган, дастлаб у якка ўзи, кейин бир неча шерик билан ишлади. Бизнес катталашди, энди кенгайиш учун жуда кўп пул керак. У ўз бизнесининг бир қисмини минглаб одамларга сотишга қарор қилса, мана шу IPO дейилади.

Яъни, IPOгача компания акциялари фақат асосчилар, давлат (давлат компанияларида ёки давлат улуши мавжуд компанияларда) ва чекланган доирадаги инвесторлар қўлида бўлади. IPOдан кейин эса жисмоний шахслар, инвестиция ва пенсия фондлари, суғурта компаниялари ва бошқа институционал инвесторлар компания акцияларини биржа орқали эркин сотиб олиши мумкин бўлади. Шу пайтдан бошлаб компания ёпиқ компаниядан оммавий компанияга айланади.

 

IPO — компания учун жиддий қадам

Жараён узоқ, қиммат ва мураккаб. Лекин компания IPO қилиш орқали бир нечта муҳим мақсадларга эришади. Энг асосий сабаб пул ҳисобланади. IPO орқали тўпланган маблағлар одатда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни молиялаштириш, технологияларни янгилаш, қарзларни қисқартириш каби мақсадларга йўналтирилади. Бу маблағ банкдан олинган қарздан фарқли, уни қайтариш шарт эмас ва ҳар ой фоиз тўлаш керак эмас. IPOгача компания асосчилари қоғозда бой бўлса-да, акцияларини тезда сотиш имкониятига эга эмас.

Тасаввур қилинг, сиз 10 йил олдин стартапга инвестиция қилдингиз ва у компания қиймати 100 баравар ошди, лекин бу пул фақат қоғозда. Биржага чиққач компания акцияларининг бозор нархи шаклланади ва маълум муддатдан кейин эски акциядорлар ўз улушларининг бир қисмини сотиши мумкин. Бу муддат lock-up period деб аталади, яъни IPOдан кейин 3-6 ой давомида ички акциядорларнинг акцияларини сотиши чекланадиган давр.

Бунга сабаб, агар компания асосчисининг ўзи дарҳол ўз улушини сотиб кетса, бу бозор учун ёмон сигналдир. Биржада рўйхатга олинган компаниядан мунтазам молиявий ҳисобот, корпоратив бошқарув стандартларига риоя қилиш, ошкоралик ва хавфлар ҳақида ахборот бериш талаб этилади. Бу банклар, халқаро инвесторлар ва рейтинг агентликлари учун ижобий сигнал ҳисобланади. IPO кейин менежерлар учун акционерлик дастурлари, бошқа компанияларни акцияга алмаштириб сотиб олиш, стратегик шериклар билан ҳамкорлик имкониятлари кенгаяди.

 

IPO қандай амалга оширилади?

У узоқ ва мураккаб жараён бўлиб, ҳар бир мамлакатда техник деталлар фарқ қилса-да, мантиқан бир хил. Дастлаб стратегик қарор қабул қилиниб, Акциядорлар йиғилиши ва Кузатув кенгаши IPO қилишга розилик беради. Бу бир неча ой давом этиши мумкин.

Кейинги босқич тахминан 6-12 ой давом этадиган IPOга тайёргарлик босқичи ҳисобланиб, бу жараёнда халқаро аудиторлар томонидан молиявий ҳисоботлар аудит қилинади, корпоратив тузилма тартибга келтирилади, устав ва бошқарув тизими биржа листинг талаблари билан мослаштирилади. Компания инвестиция банки ёки йирик брокерлик компанияси билан шартнома тузади. Улар акцияларни жойлаштириш стратегиясини ишлаб чиқади, нарх диапазонини таклиф қилади, эмиссия проспектини тайёрлашга ёрдам беради, потенциал инвесторлар билан учрашувлар ўтказади.

Кейинги қадам эмиссия проспектини тузиш бўлади. Эмиссия проспекти жуда батафсил ҳужжат бўлиб, унда компания нима иш қилади, молиявий натижалар, хавфлар, қанча маблағ жалб қилмоқчи экани, нечта акция чиқараётгани ва нарх диапазони ёзилади. Инвесторлар бу ҳужжат билан танишиб чиқиб, онгли равишда қарор қабул қилиши керак. Йирик ва кичик инвесторлар маълум нарх диапазонида буюртма беради, талаб ва таклифдан келиб чиқиб, якуний нарх белгиланади.

Энг сўнгида акциялар инвесторлар ўртасида тақсимланади. Кейин улар биржада эркин савдога чиқади ва бозор нархи реал вақт режимида шаклланади.

 

SPO дегани нима?

Баъзан компаниялар бир йил ёки бир неча йил ўтгач яна акция сотади. Бу SPO дейилади. SPO (Secondary Public Offering) компаниянинг IPOдан кейинги қўшимча оммавий акциялар жойлаштиришидир. У икки кўринишда бўлиши мумкин: компания янги акциялар чиқаради ёки мавжуд йирик акциядорлар ўз улушларини сотади.

IPOдан кейин компанияга янги лойиҳалар учун яна маблағ керак бўлиши мумкин. Ўзбекистонда кўплаб давлат компаниялари босқичма-босқич хусусийлаштириляпти. Шу сабаб, дастлаб IPO билан маълум улуш сотилади, кейин SPOлар орқали давлат улуши аста-секин камаяди. Шунингдек, эркин муомаладаги акциялар улушини ошириш орқали бозор ликвидлиги ва инвесторларга қизиқишни кучайтириш кўзланади.

Агар SPOда янги акциялар чиқарилса, сизнинг компаниядаги улушингиз «емирилади». Яъни, сизнинг 1 фоиз улушингиз 0,8 фоизга айланиши мумкин. Агар компания бу пулни яхши ишлатса, умумий «пирог» катталашади ва сизнинг 0,8 фоиз улушингиз янги улушдан кўпроқ бўлиши мумкин.

 

Акцияни IPOда олиш яхшироқми ёки кейин?

Бу саволга «ҳар доим IPOда олиш керак» ёки «фақат кейин олиш керак» деб жавоб бериш тўғри эмас. Ҳар бир компания ва ҳар бир эмиссия алоҳида таҳлил қилиниши керак. Аммо умумий тамойиллар мавжуд.

Баъзи ҳолларда IPO нархи бозор потентсиалини инобатга олган ҳолда нисбатан пастроқ белгиланиши мумкин. Агар талаб юқори бўлса, савдо бошланган заҳоти нарх кўтарилиб кетиши эҳтимоли бор.

Айрим халқаро IPOларда биринчи кун 30-50 фоиз ўсиш қайд этилган. Стратегик аҳамиятга эга компанияларнинг IPOси бозор учун муҳим воқеа бўлиши мумкин.

Баъзи жойлаштиришларда аҳолига алоҳида квота берилади. Масалан, Ўзбекистондаги «Халқ IPO»си лойиҳасида жисмоний шахсларга имтиёз мавжуд. Агар сиз компания келажагига ишонсангиз ва 5-10 йил ушлаб турмоқчи бўлсангиз, IPO бошлаб акциядор бўлиш мантиқий бўлиши мумкин.

Лекин IPOда иштирок этишнинг бир нечта хавфлари ҳам мавжуд. IPO жараёни ҳаддан ташқари шов-шув ва юқори баҳолашли бўлади. Маркетинг ва PR фонида компания жуда юқори баҳода жойлаштирилиши мумкин. Бундай вазиятда IPO кейин қисқа муддатда нарх тушиб кетиши эҳтимоли мавжуд.

Компания оммавий статусда ҳали синовдан ўтмаган бўлади, яъни дивиденд сиёсати ҳали ноаниқ, бозор билан мулоқот тарихи йўқ. Lock-up муддати тугагач, ички акциядорлар ўз акцияларини сота бошлайди. Агар улар катта ҳажмда сотсалар, нарх ўзгариши мумкин.

 

IPOни кейин (иккиламчи бозорда) олиш афзалроқ бўлиши мумкин

Чунки, бир неча ҳафта ёки ойлик савдодан сўнг акциянинг реал ликвидлиги, инвесторлар реакцияси, бозорнинг «совуққон» баҳоси кўринади. Таҳлилчилар, медиа ва бошқа инвесторлар компаниянинг кучли ва заиф тарафларини очиқ муҳокама қилади, рисклар ва баҳолаш коэффициентлари ҳақида кўпроқ маълумот беради.

Кўп ҳолларда шов-шув пасайгач, курс «адолатли» даражага тушади ва узоқ муддатли инвесторлар учун қулай кириш нуқтаси шаклланиши мумкин. Агар сиз IPOда иштирок этмоқчи бўлсангиз, албатта, эмиссия проспектини ўқинг. Проспектда компания бизнес модели, даромад ва фойда динамикаси, қарздорлик, жалб қилинаётган маблағ қандай мақсадларга йўналтирилиши батафсил ёзилган бўлади. P/E, P/B каби коэффициентлар ўхшаш соҳа компанияларига нисбатан жуда қимматми ёки арзонроқми, таққослаб кўринг.

Агар компания ўхшашларидан 2-3 баравар қимматроқ баҳоланган бўлса, бу эҳтиёткорлик талаб қиладиган сигналдир. Энг муҳими хавфлар бўлимини жиддий ўқинг. IPO проспектидаги хавфлар рўйхатида соҳадаги хавфлар, регуляторга боғлиқ таваккаллар, валюта ва фоиз ставкалари хавфлари кўрсатилади.

 

«Халқ IPOси»

Ўзбекистонда IPO концепцияси кенг оммага «Халқ IPO»си лойиҳаси орқали таништирилди. Бу лойиҳанинг мақсади оддий фуқароларни фонд бозорига жалб қилиш, инвестиция маданиятини ривожлантириш, йирик компанияларида акциядор бўлиш имкониятини яратиш ҳисобланади.

«Халқ IPO»си доирасидаги жойлаштиришларда одатда «битта акция — битта лот» тамойили қўлланади. Оддий фуқаролар кам пул билан ҳам иштирок этиши мумкин ва жараён анча соддалаштирилган. Бу тажриба оддий одамларни «капитал бозори бизга эмас, бойлар учун» деган фикрдан халос қилмоқда.

Эсда тутишингиз керакки, IPO автоматик тез бойиш йўли эмас. Бу онгли ёндашув ва сабр талаб қиладиган жараён. Аммо айнан шу йўл орқали сиз ўз пулингизни ишлайдиган активга айлантиришингиз мумкин.

Огоҳлантириш: Ушбу материал фақат маълумот мақсадида тайёрланган ва молиявий маслаҳат ҳисобланмайди. Ҳар бир инвестор ўз қарорини мустақил қабул қилади ва натижалар учун жавобгар бўлади.

Г.Бозорова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид