Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет» бўйича муҳим огоҳлантириш билан чиқди
Вазирлик ваъда қилинган маблағлар берилмаётгани бўйича аҳоли томонидан вазирликка юзлаб мурожаатлар бўлаётганини айтиб, бир нечта маълумотларни эслатди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда «Ташаббусли бюджет»да овоз учун пул ваъда қилаётганлар кўпайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аҳолини огоҳлантирди.
Вазирликнинг ёзишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Telegram ботлари орқали «Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этиш ҳолатлари кенг тарқалиб, турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, ваъда қилинган маблағлар берилмаётгани бўйича фуқаролар томонидан вазирликка юзлаб мурожаатлар бориб тушмоқда.
«Ушбу ҳолатда учинчи шахслар лойиҳаларга овоз тўплаш мақсадида пул маблағлари ёки моддий қийматликларни ваъда қилган ҳолда фуқаролардан овоз тўплаб, кейинчалик мукофотларни бермаслиги ҳолатлари кузатилмоқда», — дея ёзган вазирлик.
Қайд этилишича, «Ташаббусли бюджет» доирасида овоз бериш фақат «Очиқ бюджет» ахборот портали, унинг Android ва iOS мобил иловалари ҳамда Telegram’даги расмий боти орқали амалга оширилади.
Амалдаги тартибга кўра, овоз бериш учун аҳолидан пул ундирилмайди ва берилган овозлар учун моддий рағбатлантириш ҳам назарда тутилмаган.
Овоз бериш жараёни 31-август соат 23:59 гача давом этади. Вазирлик ватандошларни норасмий ботлардан фойдаланмаслик, шахсий маълумотларини бегона шахсларга бермаслик ва фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.





