Ислом Каримов мажмуасини таъмирлашга 3,4 млрд сўм ажратилди

Бугун 16:552 дақиқа

Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори билан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш учун 3 млрд 435 млн сўм ажратилиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича буюртмачи ташкилот белгиланди.

Ислом Каримов мажмуасини таъмирлашга 3,4 млрд сўм ажратилди © Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳудудида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 3 млрд 435 млн сўм ажратилди. Шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг шу ҳақдаги тегишли қарори 6-апрел куни қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича мажмуа ҳудадида таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва буни учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маблағни ажратиш Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг таклифи бўлган. Ҳоким қарори билан унинг таклифи маъқулланган.

Объектда лойиҳалаш ва қурилиш ишларини олиб бориш бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланган. Компания объектни лойиҳалаш ҳамда қурилиш ишлари бўйича бош лойиҳачи ва пудрат ташкилотларини ўрнатилган тартибда аниқлайди.

Қарорда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси, «Тошкент Инвест компанияси» АЖ мазкур объектда белгиланган ишларини амалга ошириш учун талаб этилаётган 3 млрд 435 млн сўм маблағни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига ажратиш бўйича «Тошкент Инвест компанияси» АЖ Кузатув кенгашига таклиф киритиши белгиланган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов, «Тошкент Инвест компанияси» АЖ ажратилган маблағнинг ижроси бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ҳисобот киритиши, Тошкент шаҳар Ғазначилик хизмати бошқармаси ажратилган маблағларни ўрнатилган тартибда молиялаштириш чораларини кўриши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ажратилган маблағларни ўрнатилган тартибда мақсадли сарфланишини таъминлаши белгиланган.

Мазкур қарорнинг ижросини назоратни қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов зиммасига юкланган.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги тегишли қарори асосида Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш ва меросини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида тузилган. Мажмуа таркибига музей, илмий-тадқиқот ва таълим маркази, кутубхона ҳамда конференция зали киради. Мажмуа ўз фаолиятини Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди билан ўзаро ҳамкорликда олиб боради.

Теглар

Мавзуга оид