ЖЧ-2026 томошабинлар сони бўйича тарихий рекорд ўрнатди
2026 йилги Жаҳон чемпионатига икки ҳафта ичида 3,6 миллиондан зиёд мухлис ташриф буюрган.

2026-йил футбол бўйича Жаҳон чемпионати ФИФА тарихидаги энг кўп томошабин ташриф буюрган турнир сифатида расман қайд этилди.
NBC телеканали маълум қилишича, аввалги энг юқори натижа 1994 йил АҚШ мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида қайд этилган эди.
25-июн ҳолатига кўра, АҚШ, Канада ва Мексикада давом этаётган мусобақанинг дастлабки икки ҳафтасидаёқ 3,6 миллиондан ортиқ мухлис стадионларга ташриф буюрган.
Янги рекорд Германия–Эквадор ҳамда Кот-дъИвуар–Кюрасао ўртасидаги ўйинлардан сўнг расман қайд этилди. Шу пайтга келиб турнирнинг умумий томошабинлар сони 3 млн 605 минг 357 нафарга етган.
ФИФА ушбу кўрсаткични Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг юқори натижа сифатида эътироф этди. Турнир ҳали давом этаётганини ҳисобга олганда, якуний ташрифлар сони янада юқори бўлиши кутилмоқда.
Юқори томошабинлар оқимига бир нечта омиллар таъсир кўрсатмоқда. Аввало, мусобақанинг АҚШ, Канада ва Мексикада бир вақтнинг ўзида ўтказилаётгани ҳамда ўйинлар кўплаб шаҳарларда ташкил этилаётгани мухлислар қамровини сезиларли даражада кенгайтирди.
Шу билан бирга, мезбон мамлакатлардаги катта сиғимли стадионлар ҳам рекорд кўрсаткич қайд этилишида муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, АҚШдаги ареналар аввалги Жаҳон чемпионатларида фойдаланилган стадионларга нисбатан анча кўп томошабинни қабул қила олади.
Таққослаш учун, 2022 йил Қатарда бўлиб ўтган мундиалда стадионларнинг аксариятининг сиғими тахминан 45 минг ўринни ташкил этган эди. АҚШдаги стадионлар эса 70–80 мингдан ортиқ мухлисни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имкониятига эга.

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026
ЖЧ-2026 ўйинларига оид барча хабарлар битта ҳаволада.





