Logo

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тартиби тасдиқланди

Энди уй ва бошқа кўчмас мулкларнинг қиймати ягона услуб асосида ҳисобланади. Натижаларни мулкдорлар онлайн кўриши мумкин бўлади.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тартиби тасдиқланди

Адлия вазирлиги кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиётини давлат рўйхатидан ўтказди. Янги ҳужжат кўчмас мулк объектларининг бозор нархига яқин қийматини аниқлашнинг ягона тартибини белгилайди.

Услубиётга кўра, баҳолашда турар жойлар, кўп квартирали уйлардаги хонадонлар ва нотурар объектлар алоҳида гуруҳларга ажратилади. Ҳисоб-китобларда бозор маълумотлари, амалга оширилган битимлар, эълонлар ҳамда нархга таъсир қилувчи бошқа омиллар инобатга олинади.

Шунингдек, ҳудудлар бозор қийматидан келиб чиқиб нарх зоналарига бўлинади ва намунавий объектлар асосида кўчмас мулкнинг қиймати ҳисобланади.

Кўчмас мулк қандай баҳоланади?

Ҳужжатга мувофиқ, объектларнинг қиймати қиёсий, харажат ёки даромад ёндашувлари асосида аниқланади.

Бунда биноларнинг қурилган йили, қурилиш материали, умумий майдони, қавати, жойлашуви ҳамда таъмирланганлик даражаси каби мезонлар ҳисобга олинади.

Янги тизимнинг мақсади кўчмас мулк қийматини бозор тамойиллари асосида адолатли ва шаффоф белгилашдан иборат.

Натижалар очиқ эълон қилинади

Оммавий баҳолаш натижалари Кадастр агентлигининг расмий веб-сайти ва ахборот тизимларида эълон қилинади. Мулкдорлар кадастр рақами орқали ўз объектларининг баҳоланган қиймати билан танишиш имконига эга бўлади.

Баҳолаш натижалари 90 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу муддат ичида мулкдорлар таклиф ёки эътирозларини билдириши мумкин.

Агар шахс баҳолаш натижасидан норози бўлса, у ваколатли органга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Теглар

Мавзуга оид