Мирзиёев Путин билан Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилди

Шунингдек, президентлар Ўзбекистонда илк АЭС қурилиши масаласига ҳам тўхталди.

Мирзиёев Путин билан Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилди © Matbuot xizmatlari e’lon qilgan arxiv suratlar

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24-март куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбатда Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолиятига юксак баҳо берилди.

Томонлар кооперациянинг янги шакл ва лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдонга айланган «ИННОПРОМ Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.

Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Маълумот учун, ўтган йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 13 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса яна 32 фоизга кўпайди.

Саноат, энергетика, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев Путин билан Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазиятни муҳокама қилди | Vaqt.uz