Нефт гигантлари рейтинги: АҚШ компаниялари кўп, аммо етакчи – Саудия
Бозор қиймати 1,8 триллион долларга етган «Saudi Aramco» дунёдаги энг йирик очиқ савдодаги нефт компанияси сифатида рақобатчиларидан катта фарқ билан олдинда бормоқда.
© Foto: apa.az«Saudi Aramco» дунёдаги барча очиқ савдодаги нефть компаниялари орасида мутлақ устунликка эга. Бозор қиймати 1,8 триллион доллар бўлган «Saudi Aramco» ҳатто кейинги энг йирик бешта нефть-газ компаниясининг умумий қийматидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Улар қаторига «Exxon Mobil», «Chevron», «Shell» ва «PetroChina» киради, деб ёзади «Visual Capitalist».
Ушбу графика 2026-йил 5-май ҳолатига кўра «CompaniesMarketCap» маълумотлари асосида дунёдаги энг қиммат 20 та нефт ва газ компаниясини бозор капитализацияси бўйича кўрсатади.

«Saudi Aramco» ва АҚШ энергетика гигантлари
Нефт-газ саноати юқори қисми икки мутлақо турлича куч таъсирида шаклланган: Форс кўрфазидаги давлат назоратидаги ягона улкан ишлаб чиқарувчи ва АҚШдаги оммавий савдодаги йирик корпорациялар.
Рейтингнинг энг юқори поғонасини Саудия Арабистони давлат нефт гиганти «Saudi Aramco» эгаллаб турибди. Унинг бозор қиймати 1,8 триллион доллар бўлиб, бу топ-20 компания умумий қийматининг учдан бир қисмидан кўпроғини ташкил қилади.

Бу кўрсаткич кейинги беш компания – «Exxon Mobil», «Chevron», «PetroChina», «Shell» ва «TotalEnergies» – умумий 1,7 триллион долларлик қийматидан ҳам юқори.
Дунёдаги энг йирик 10 нефт-газ компаниясидан учтаси АҚШга тегишли бўлиб, уларнинг умумий қиймати 1,2 триллион долларга тенг. Уларга «Exxon Mobil» (637 млрд доллар) ва «Chevron» (380 млрд доллар) етакчилик қилмоқда.
«ConocoPhillips» эса 152 миллиард долларлик капитализация билан дунёдаги саккизинчи йирик нефт-газ компанияси ҳисобланади.
Топ-10нинг қолган қисмида Хитойнинг икки давлат компанияси – «PetroChina» ва CNOOC, шунингдек, Европанинг уч йирик корпорацияси – «Shell», «TotalEnergies» ва BP, ҳамда «Petrobras» жой олган.
Таққослаш учун, дунёдаги энг йирик 20 нефт-газ компаниясининг умумий бозор қиймати Япония ялпи ички маҳсулотидан ҳам юқори ва Германия иқтисодиёти ҳажмига яқинлашмоқда.
Нефт-газ компанияларининг ҳудудий концентрацияси
Шимолий Америка рейтингда энг кенг иштирокка эга: бу ҳудуддаги 10 компаниянинг умумий қиймати 1,9 триллион долларга тенг. Бунда асосий улуш АҚШнинг саккизта ва Канаданинг иккита компанияси ҳиссасига тўғри келади.
АҚШ компаниялар сони бўйича рейтингда устунлик қилмоқда, бу эса Шимолий Америка капитал бозорлари ва энергетика инфратузилмасининг улкан кўламини акс эттиради.
Ғарбий Европа ҳам кенг иштирокга эга: «Shell», «TotalEnergies», BP, «Equinor» ва ENI рейтингдан ўрин олган. Бироқ уларнинг умумий қиймати – 760,8 миллиард доллар – «Saudi Aramco» капитализациясининг ярмига ҳам етмайди.
Шарқий Осиё эса тўлиқ Хитойнинг уч давлат нефт гиганти – «PetroChina», CNOOC ва «Sinopec» – билан намоён бўлган. Уларнинг умумий қиймати 541,6 миллиард доллар.
Нефт-газ компаниялари қийматини нима белгиламоқда?
Нефт-газ компаниялари баҳосига асосан икки омил таъсир қилмоқда: таъминот хавфи ва энергияга бўлган талабнинг ўсиши.
Таъминот нуқтаи назаридан Ҳўрмуз бўғози дунёдаги энг муҳим нефт йўлакларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу ер орқали кунига тахминан 20 миллион баррель нефт ташилади, бу жаҳон нефть савдосининг қарийб 20 фоизига тенг.
Агар ушбу йўналиш хавф остида қолса, нефт нархи тез ўсиши мумкин ва бу йирик энергетика компанияларининг даромад кутилмаларини оширади.
Шу билан бирга, СИ дата-марказлари, иқтисодиётнинг электрлашуви ва саноат ўсиши туфайли электр энергиясига талаб кескин ортмоқда. Бу эса ишончли энергия ишлаб чиқарувчиларнинг стратегик аҳамиятини янада кучайтирмоқда.

