Олмалиқ кон-металлургия комбинати халқаро мувофиқлик сертификатини қўлга киритди
Бу сертификат бутун дунёда тан олинган олий андоза бўлиб, 32 та энг қатъий халқаро мезон ва тизимли хавфларни холис аудит қилиш орқали тақдим этилади. Хорижий инвесторлар эса инвестиция киритиш ва тўғридан-тўғри йирик трансмиллий шартномалар имзолашда асосий талаб сифатида айнан мана шу сертификатни сўрайди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида коррупцияга қарши курашиш тизими муваффақиятли сертификатлаштирилди ва натижада корхона навбатдаги йирик халқаро ютуқни қўлга киритди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Коррупцияга қарши бошқарув тизими — ташкилотларда порахўрлик хавфларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (IAF) томонидан ишлаб чиқилган энг нуфузли жаҳон стандарти ҳисобланади. Ушбу халқаро мувофиқлик сертификатининг янги 2025-йилдаги таҳрири комбинатга топширилди. Компамия расмийларининг айтишича, бу воқеа корхона тарихида шаффофлик, қонун устуворлиги ва халқаро ишончнинг янги даврини бошлаб беради.
Бугунги кунда Лондон металл биржаси — Copper Mark ва Европа Иттифоқи бозорлари тизимида шаффофлик ва комплаенс назорати тизими жорий қилинган компания ва ташкилотлар ўз маҳсулотларини реализация қилишда алоҳида устуворликка эга бўлади.

«Шу боис янги таҳрирдаги халқаро сертификат ОКМК маҳсулотларининг дунё бозоридаги рақобатбардошлигини каррасига ошириб, халқаро бозорларга тўсиқсиз чиқиш имконини кенгайтиради. Халқаро инвесторлар ва йирик трансмиллий банклар коррупция хавфлари минималлаштирилган корхоналарга катта ҳажмдаги имтиёзли кредитлар ва тўғридан-тўғри инвестицияларни хавфсиз ажратади», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ISO 37001:2025 стандарти тизимининг комбинатда мавжудлиги глобал экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув кўрсаткичларида ОКМКнинг баҳосини кескин юқорига кўтаради. Ички тизимда эса корхонанинг барча бўғинларида молиявий хавфлар қатъий назоратга олинганини англатади, очиқлик индекси мустаҳкамланади.

Маълумот учун, бу сертификат бутун дунёда тан олинган олий андоза бўлиб, 32 та энг қатъий халқаро мезон ва тизимли хавфларни холис аудит қилиш орқали тақдим этилади. Ички рейтинглар миллий агентликлар томонидан масофавий ёки ички баҳолаш асосида шакллантирилса, ISO стандарти мустақил халқаро аудиторлик ташкилотлари томонидан жойига чиққан ҳолда, икки босқичли қатъий аудит натижасига қараб тақдим этилади.
Энг муҳими эса, хорижий инвесторлар учун миллий рейтинг шунчаки локал маълумот ҳисобланса, янги таҳрирдаги ушбу халқаро сертификат инвестиция киритиш ва тўғридан-тўғри йирик трансмиллий шартномалар имзолашда асосий талаб сифатида сўралади.
Реклама





