«OpenAI» ва «Anthropic» IPOга тайёрланмоқда: таҳлилчилар эҳтиёткорликка чақирмоқда

«OpenAI» ва «Anthropic» компаниялари IPOси борасида таҳлилчилар уларнинг юқори баҳоланиши, даромад модели ва инвестиция хавфлари сабабли инвесторларга эҳтиёткор бўлишни маслаҳат бермоқда.

«OpenAI» ва «Anthropic» IPOга тайёрланмоқда: таҳлилчилар эҳтиёткорликка чақирмоқда

Чат-ботлар бозори етакчилари «OpenAI» ва «Anthropic» жорий йил охирида кўп миллиард долларлик IPO (биржага чиқиш)га тайёргарлик кўрмоқда. Уларнинг биржага чиқиши олдидан таҳлилчилар инвесторларга бизнес моделларини баҳолашда жуда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат бермоқда.

Таҳлилчилар нимани маслаҳат беряпти?

«Seeking Alpha» таҳлилчиси кичик Крис Демут ҳар икки стартапнинг истиқболларини ижобий баҳолаган, аммо тўғридан тўғри таққослаганда «Anthropic» бизнесини баҳолаш «бироз асослироқ» эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, ҳозирда ҳар икки компания инвесторлар орасида «омадли танлов» ҳисобланади, бироқ уларнинг акциялари ҳозирги босқичда анча қимматлашиб кетган, венчур босқичида эса позицияларни кенгайтириш учун яхшироқ имкониятлар бўлган.

Яна бир таҳлилчи Жонатан Вебер «Anthropic»ни ҳозирги пайтда «янада жозибадор» деб ҳисоблайди, гарчи «OpenAI» бизнес кўлами ва мижозлар базаси бўйича ундан устун бўлса ҳам. Унинг таъкидлашича, Anthropic’нинг дастурлаш (код) соҳасига ихтисослашуви унга «ноёб таклиф» беради, шунингдек, «Alphabet» ва «Amazon» каби йирик ҳамкорлар молиявий барқарорликни таъминлайди.

Таҳлилчи Жулия Остян эса «OpenAI» ва «Anthropic» акцияларини IPO пайтида сотиб олишга шошилмасликни маслаҳат беради: унинг фикрича, стартаплар жуда қиммат баҳоланган. Масалан, «OpenAI»нинг ҳозирги баҳоси унинг йиллик даромадидан 35 баравардан ҳам юқори бўлиб, эксперт буни «зарар кўриб ишлаётган компания учун жуда юқори даража» деб атаган.

«Мен «Anthropic»ни анча қизиқарли вариант деб ҳисоблайман, лекин ҳозирги босқичда бу компаниялардан бирортаси ҳам ҳақиқий яхши инвестиция деб айта олмайман», – деди у.

Ким тезроқ фойдага чиқади?

«OpenAI»нинг фойдага чиқиши 2030-йилларгача кутилаётган бўлса, «Anthropic» бу босқичга тезроқ етиши мумкин. Бироқ бу стартапларнинг молиявий кўрсаткичларини тўғридан тўғри таққослаш тўғри эмас: «Anthropic» ўз технологияларини булут ҳамкорлари орқали сотишни даромад сифатида ҳисоблайди, «OpenAI» эса буни ҳисобга олмайди, деб ёзади «The Wall Street Journal».

Хусусий бозорда «инверсия» кузатилмоқда: энг юқори баҳоланган стартаплар бизнес кўрсаткичлари бўйича нисбатан заифроқ. «OpenAI» эса энг заиф кўринишда, деб ёзган «Morningstar» март ойи охирида. 800–900 млн фойдаланувчига эга бўлганига қарамай, «ChatGPT» ишлаб чиқарувчисининг йиллик такрорий даромади (ARR) 20 млрд доллар атрофида бўлиб, аудиториянинг тахминан 85 фоиз қисми даромад келтирмайди. Корпоратив мижозларни ушлаб қолиш бўйича очиқ маълумотларнинг йўқлиги «OpenAI»нинг 840 млрд доллар баҳосига шубҳа уйғотмоқда.

Капитал самарадорлиги ҳам фарқни кўрсатади: «OpenAI» ҳар бир доллар инвестицияга 0,11 доллар ARR яратади, «Anthropic» эса 0,23 доллар. Шу билан бирга, «Anthropic» учун 2026-йилга келиб 40 фоиз ялпи маржага эришиш муҳим мезон ҳисобланади. Агар бу кўрсаткичга эришилмаса, компания баҳосининг адолатлилиги яна қайта кўриб чиқилиши мумкин, деб таъкидлайди «Morningstar».

Теглар

Мавзуга оид