add

Ўзбекистон молиявий технологияларида янги босқич: «ochiq banking» ва токенлаштирилган активлар (стейблкоинлар)

28.11.2025 | 15:253416 дақиқа

Президент қарорига мувофиқ, 2026 йилдан мамлакатда «ochiq banking» тизими жорий этилади. Шунингдек, стейблкоин расман тўлов воситасига айланади.

Ўзбекистон молиявий технологияларида янги босқич: «ochiq banking» ва токенлаштирилган активлар (стейблкоинлар)

Ўзбекистон молиявий бозорини тубдан янгилайдиган қатор ислоҳотларни амалга оширмоқда. Президентнинг молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришга оид «Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 сентябрга қадар банклар, тўлов ташкилотлари ва финтех компаниялари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини таъминлайдиган «ochiq banking» тизими ишга туширилади.

«Open banking» нима?

Бу — банклар, финтех компаниялари ва тўлов сервислари ўртасида маълумот алмашишни рақамлаштирадиган тизим. Мижоз розилик берган тақдирда, унинг ҳисобварақлари, транзаксиялар тарихи ва молиявий ҳолати ҳақидаги маълумотлар ишончли ва ҳимояланган форматда учинчи томонларга тақдим этилади. Ҳозирда дунёнинг ривожланган мамлакатлари: АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Сингапур, Япония каби давлатлар расман «open banking» тизимидан фойдаланади.

«Open banking» нима учун муҳим?

Бу тизим банк соҳасини монополиядан чиқаради, янги рақамли молия экотизимининг асосий қурилиши ҳисобланади. «Open banking» мижозларга шахсий бюджетни бошқариш иловалари, арзонроқ молиявий хизматлар, кредит олишда енгиллик ва бошқа молиявий жараёнларни тез ва содда кўринишда олиш имкониятларини яратади.

Банк ва финтех ташкилотлари эса янгича хизматлар яратиш, харажатларни камайтириш ва банк экотизимида инновацияларни тез жорий этиш каби имкониятларга эга бўлиши мумкин. Бу иқтисодиёт учун ҳам самарали восита ҳисобланади: финтех стартаплар кўпаяди, шаффофлик ва рақобат ошади, рақамли иқтисодиёт тез ривожланади.

Барқарор токенлар (стейблкоинлар) расман тўлов воситасига айланади

Шунингдек, Қарорда 2026 йил 1 январдан барқарор токенлар айланмасини тартибга солувчи махсус ҳуқуқий режим жорий этилиши ҳам белгиланган. Бу доирада маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тўлов тизимлари бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади. «Тартибга солиш қумдони» режимининг қоидалари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банк томонидан белгилаб берилади.

Келгуси йилдан бошлаб юридик шахсларга токенлаштирилган акция ва облигацияларни эмиссия қилишга рухсат берилмоқда. Шунингдек, лицензияланган биржаларда ушбу активларни жойлаштириш ва муомалада бўлиши учун алоҳида савдо майдончаси ташкил этилади. Бу молия бозорида рақамли активлар айланмасини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов сентябр ойидаги чиқишида Ўзбекистонда стейблкоинлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишга рухсат берилиши мумкинлигини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда рақамли валюта борасида изланишлар кетмоқда ва бу йўналишда икки асосий модел кўриб чиқилмоқда: Марказий банк рақамли валютаси ҳамда тижорат банклари томонидан чиқариладиган рақамли валюта. Агар тижорат банки токенни пул билан тўлиқ таъминлай олса, унга рақамли валюта чиқаришга рухсат берилиши мумкин.

Ишметовга кўра, Президентга тақдим этилган ҳисоботда ушбу масалани пилот тарзда бошлаш таклиф этилган. У шунингдек, жаҳон амалиётида стейблкоинлар бўйича турли ёндашувлар мавжудлигини қайд этди. Масалан, АҚШда қабул қилинган қонунда рақамли валюта эмиссияси Марказий бангга эмас, тижорат банкларига бириктирилган. Бу эса маълум хавфларни юзага келтиради, чунки бундай токенлар реал пул захираси билан тўлиқ таъминланиши шарт; акс ҳолда, бу қўшимча пул эмиссиясига айланиб, молиявий барқарорликка таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу сабабли Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги технологик «қумдон» асосида тест синовлари ўтказишни режалаштирмоқда. Синов натижалари орқали аҳоли ва бизнесда бундай тўлов воситасига реал талаб бор-йўқлиги аниқланади. Регулятор раҳбарининг таъкидлашича, рақамли валюталар бўйича кутилмалар одатда юқори бўлади, аммо амалиёт шуни кўрсатадики, агар мамлакатда анъанавий тўлов тизимлари яхши ривожланган бўлса, қўшимча тўлов инструментларининг аҳамияти камайиши мумкин. Шу боис, қарор амалиёт ва реал бозор эҳтиёжига таянилган ҳолда қабул қилинади.

Ишметов шунингдек, Марказий банк рақамли валютасининг асосий вазифаси аҳолининг кундалик тўловлари эмас, балки тижорат банклари ўртасидаги ҳисоб-китобларни тезлаштириш ва халқаро марказий банклар ўртасидаги транзаксияларни енгиллаштиришдан иборат бўлишини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, барча вариантлар босқичма-босқич ўрганилади, тест қилинади ва қатъий назорат асосида баҳоланади, чунки рақамли валюталар монетар сиёсатга жиддий таъсир кўрсатади.

10 сентябр куни Президент Шавкат Мирзиёев финтех соҳасини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишган ва йиғилишда стейблкоинларни тўлов воситаси сифатида пилот тарзда синовдан ўтказиш, шунингдек, капитал бозорида қимматли қоғозларни токенлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга келишилган эди.

Барқарор токенлар (стейблкоинлар) нима? Улар қандай ишлайди ва қаерларда қўлланилади?

Барқарор токенлар, ёки стейблкоинлар — бу қиймати кескин ўзгармайдиган, одатда доллар, евро ёки олтин каби реал активларга боғланган рақамли токенлардир. Одатий криптовалюталардан фарқли равишда, уларнинг асосий мақсади — қийматнинг барқарорлигини сақлаш ва катта тебранишлар хавфини камайтириш. Шу боис, стейблкоинлар дунёдаги энг оммалашган рақамли активлардан бирига айланган.

Стейблкоин ишлаши жуда содда: токенни чиқарувчи компания ёки банк реал активларни — доллар, олтин ёки облигацияларни — захира қилиб қўяди. Қандай миқдорда актив бўлса, шунча токен чиқарилади. Масалан, 1 млн доллар захира қилинса, 1 млн токен ишлаб чиқарилади ва ҳар бир токеннинг қиймати тахминан 1 долларга тенг бўлади. Барқарорликни алгоритмлар, аудиторлик назорати ва реал активлар билан таъминлаш механизмлари таъминлаб беради.

Стейблкоинларнинг қўлланилиши жуда кенг. Тўлов воситаси сифатида улар тез, арзон ва халқаро тўловларни енгиллаштиради. Онлайин тўловларда комиссия паст, пул ўтказмалари бир неча сонияда амалга ошади. Капитал бозорида токенлаштирилган акция ва облигацияларни сотиб олишда ҳам стейблкоинлардан фойдаланиш имкони бор. Шунингдек, криптобозорда қийматни сақлаб туриш — биткойн нархи тушганда барқарор токенга ўтиш — кенг қўлланиладиган усулдир.

Стейблкоинлар бир нечта турга бўлинади: энг кенг тарқалгани — доллар билан таъминланган USDT ёки USDC каби токенлар; олтин билан таъминланган PAXG каби турлар ҳам мавжуд. Алгоритмик стейблкоинлар эса активга боғланмаган бўлади, аммо хавфлари юқори ҳамда бир нечта лойиҳалар муваффақиятсиз тугаган. Дунёда АҚШ, Европа Иттифоқи, Сингапур, Япония ва Қозоғистон каби кўплаб мамлакатлар стейблкоинларни ҳуқуқий тартибга сола бошлаган.

Ўзбекистонда финтех экотизимини кенгайтириш ва венчур фонди

Қарорнинг яна бир муҳим банди — финтех экотизимини кенгайтириш. 2026–2030 йиллар мобайнида стартапларга умумий қиймати 1 млрд долларга тенг хорижий инвестициялар жалб қилиш режалаштирилган. Бозор иштирокчилари сони эса камида 200 тага етказилади. Марказий банк ҳузурида 50 млн долларлик венчур фонди ва инновацион хаб ташкил этилиб, стартапларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилади.

Инновацион хаб резидентларига молиявий технологиялар бўйича курсларда ўқиш харажатларининг 50 фоизи, 20 минг долларгача миқдорда қоплаб берилади. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб Марказий банк ҳар йили молиявий технологиялар бўйича халқаро форумлар ўтказади.

Венчур фонд — бу юқори хавфли, лекин катта истиқболга эга бўлган стартап ва инновацион лойиҳаларга сармоя киритувчи инвестиция жамғармасидир. Фонд катта даражада ўсиши мумкин бўлган IT, финтех, биотех ва технологик стартапларга пул тикади. Агар лойиҳа муваффақиятли бўлса, фонд улушини қимматга сотиб катта даромад олади; агар стартап ишламаса, сармоя йўқолиши мумкин. Шунинг учун венчур сармоялар «юқори хавф — юқори даромад» тамойилига асосланади.

«Давлатнинг венчурга шўнғиб кетиши яхши эмас»

«Венчур ўзи жуда юқори хатарли лойиҳаларни молиялаштиради, энди бунга давлат бюрократияси, манфаатлар тўқнашуви, қарор қабул қилишдаги ёмон экспертиза, коррупция ва манфаатлар тўқнашувини, ҳисобдор бўлмаган ёпиқликни қўшинг. Шу пайтгача давлат болалатаётган шунча венчурлар ўзлари капиталига ташқаридан ёки хусусий сектордан бирон доллар жалб қила олдими? Exit'лар бўйича аҳвол қандай?», — дея фикр билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров.

Хулоса сифатида шуларни айтиш мумкинки, венчур фондлар инновация ва стартаплар учун зарур молиявий восита бўлгани билан, унинг юқори хавфи давлат иштирокини эҳтиёткорлик билан режалаштиришни талаб қилади. Мутахассислар таъкидлаётганидек, венчур сармояларни самарали бошқариш учун шаффофлик, мустақил экспертлар иштирокида қарор қабул қилиш ва хусусий секторни жалб этиш асосий шарти ҳисобланади. Акс ҳолда, давлат маблағлари юқори таваккалли лойиҳаларда самарасиз сарфланиши хавфи сақланиб қолади.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 68

Барчаси

Мавзуга оид