Ўзбекистон селдан даромад олишни режалаштирмоқда

Сўнги пайтларда иқлим ўзгариши оқибатида қисқа муддатли кучли ёмғирлар сони ортиб бормоқда. Президент ҳузурида айни шу масала кўтарилди.

Ўзбекистон селдан даромад олишни режалаштирмоқда © prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев сув фонди ерлари ҳамда сел сувларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Сўнгги йилларда сув инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Мамлакатдаги 150 минг километр дарё ва канал ўзанларини бетонлаш ишлари бошлангани натижасида йилига 1,3 миллиард куб метр сув тежалмоқда. Бу ҳажм Навоий вилоятининг бир йиллик сув истеъмолига тенг.

Шу вақтгача 2 минг километр магистрал канал бетонлаштирилди, 721 километр канал ҳамда 525 километр лоток ва ёпиқ тармоқлар қурилди. Ушбу ишлар учун 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 858 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланиб, 51 минг гектар ер қайта фойдаланишга киритилди.

Сув бўйида туризм ва тадбиркорлик

Йиғилишда сув инфратузилмасини нафақат техник объект, балки иқтисодий актив сифатида кўриш зарурлиги таъкидланди.

Дунё тажрибасида дарёлар, каналлар ва сув омборлари атрофида туризм, хизмат кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик ҳудудларини ривожлантириш катта иқтисодий йўналишга айланган.

Мутасаддилар маълумотларига кўра, сув инфратузилмаси атрофидаги туристик лойиҳаларга сарфланган ҳар бир доллар сармоя иқтисодиётга 3–10 долларгача қайтим бериши мумкин.

Қайд этилишича, сув фондига тегишли ҳудудларда тадбиркорлик, туристик ва кўнгилочар объектлар қуриш имконияти бўлган 100 минг гектар майдон аниқланган. Ушбу ерларда 100 минг аҳолини иш билан таъминлаш ва йилига 220 миллиард сўмлик қўшимча даромад яратиш имконияти мавжуд.

Сел сувларидан фойдаланиш имконияти

Йиғилишда сел-тошқин сувларидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Иқлим ўзгариши оқибатида қисқа муддатли кучли ёмғирлар сони ортиб бораётгани сел хавфини кучайтирмоқда.

Ҳозирда мамлакатда сел хавфи юқори бўлган 60 та йирик сой орқали ҳар йили 690 миллион куб метр сув самарасиз оқиб кетмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу сувдан самарали фойдаланиш орқали 13 минг гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, сув таъминотини яхшилаш ва балиқчиликни ривожлантириш мумкин.

Давлат раҳбари сув инфратузилмасини иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда сел хавфларини камайтириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.

Теглар

Мавзуга оид