Ўзбекистон ва АҚШ $12 млрдлик келишувга эришди: Мирзиёев Марко Рубио ва Сержио Горни мукофотлади
Америкалик дипломатларга «Буюк хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденлари топширилди.
© Foto: president.uzЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга “С5+1” форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди. Бу ҳақда 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати томонидан маълум қилинди.
Учрашув аввалида Марко Рубио давлатимиз раҳбарига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Асосий эътибор Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларига қаратилган.
АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлаган “С5+1” форматидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг якунлари юқори баҳоланган.
Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновация ва технологиялар, таълим ва маданият каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.
Икки мамлакат парламентлари ва идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ва конструктив мулоқот йўлга қўйилган, ишбилармон доиралар ҳамда академик ҳамжамиятнинг алоқалари кенгаймоқда.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, аввало, терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш каби йўналишларда мустаҳкамланмоқда.
Халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилган.
Икки мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтадиган бўлажак тадбирлар режаси ва уларни мазмунан бойитиш масалалари кўриб чиқилган.
АҚШ Давлат котиби ва Махсус вакили давлат мукофотлари билан тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор давлат мукофотлари билан тақдирланди. Мукофотларни Президент Шавкат Мирзиёев шахсан топширди.
Фармонга кўра, Марко Рубио икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
Шунингдек, Сержио Гор Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятларини АҚШда кенг тарғиб этиш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, америкалик инвесторлар ва етакчи компанияларни жалб қилиш борасидаги алоҳида хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Foto: president.uz





