
Ўзбекистонда 1 кило ош пишириш учун қаерда қанча пул сарфланади?
Палов — нафақат миллий таом, балки иқтисодий кўрсаткич сифатида ҳам қизиқарли таҳлил имконини берувчи маҳсулотлар мажмуаси. Бу худди McDonald’s индексига ўхшайди. Хўш, Ўзбекистонда энг арзон ош қаерда пишади?

Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил ноябрь ойида ўтказган мониторинг натижаларига кўра, палов тайёрлаш учун зарур бўлган 8 турдаги маҳсулот нархлари республика бўйлаб кескин фарқланади. Нархлар асосида тузилган «1 кг паловнинг таннархи» эса ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутни аниқ кўрсатади.
«Палов индекси» қандай ҳисобланган?
1 кг паловнинг нархи қуйидаги стандарт ўлчовларга асосланган:
0,3 л — кунгабоқар ёғи;
0,3 кг — пиёз;
0,7 кг — мол гўшти;
1 кг — сабзи;
1 кг — «Лазер» навли гуруч;
100 г — нўхат;
10 г — зира
20 г — ош тузи
Мана шу миқдорлар ҳудудлар бўйича ўртача нархларга кўпайтирилган ҳолда 1 кг паловнинг умумий қиймати аниқланган.

Энг арзон палов: Қорақалпоғистон Республикаси — 98 104 сўм
Палов тайёрлаш учун маҳсулотлар мажмуаси бўйича энг қулай ҳудуд — Қорақалпоғистон Республикаси.
Нега арзон?
Мол гўшти: 94 249 сўм/кг — республика бўйича энг паст кўрсаткичлардан бири. Пиёз ва сабзи нархлари ҳам ўртача даражада. Нўхат ва гуруч ҳам бошқа ҳудудлардан кўра арзонроқ. Натижада 1 кг палов 98 минг сўмдан бироз ошади.
Андижон — 105 780 сўм: арзонроқ сегментдаги иккинчи ҳудуд
Андижонда нарх бироз юқорироқ бўлса-да, ҳали ҳам республика бўйича энг арзон вариантлардан биридир.
Гўшт нархи паст эмас (101 461 сўм), лекин гуруч, ёғ ва сабзи нисбатан арзон. Шу сабабли 1 кг палов қиймати энг шарқий вилоятда 105 780 сўм бўлади.
Бухоро, Жиззах, Наманган: 107–109 минг сўмлик сегмент
Бу вилоятлар умумий нархларда ўртача сегментга киради:
Бухоро — 107 471 сўм
Жиззах — 109 287 сўм
Наманган — 108 609 сўм
Гуруч ва ёғ нархларидаги ўртача даража паловнинг умумий қийматини сақлаб туради.
Энг қиммат палов: Тошкент шаҳри — 116 126 сўм
Расмий маълумотларга кўра, энг қиммат 1 кг палов айнан Тошкент шаҳрида.
Нима сабабдан қиммат? Чунки масаллиқлар қиммат.
Мол гўшти — 110 536 сўм/кг;
Сабзи — 5 959 сўм/кг (энг юқори кўрсаткич!)
Гуруч — 20 711 сўм/кг
Зира — 1 123 сўм (0.01 кг учун жуда юқори нарх)
Шу омиллар умумий қийматни 116 126 сўмга етказган — бу республикадаги энг юқори кўрсаткичдир.

Нархлар ҳудудлар кесимида нега бу қадар фарқ қилади?
1. Гўшт нархи — палов нархининг «двигатели»
Палов таннархининг 60–70 фоизини айнан мол гўшти ташкил қилади. Гўшт қиммат бўлган ҳудудларда палов ҳам автоматик равишда қимматлашади.
Масалан, Тошкент шаҳрида гўшт: 110 536 сўм/кг бўлса, Қорақалпоғистонда: 94 249 сўм/кг. Фарқ — 16 минг сўм.
2. Гуруч нархи ҳудуддан ҳудудга кескин фарқланади
«Лазер» навли гуручнинг энг арзон нархи — Хоразм (16 739), энг қиммати — Наманган ва Тошкент ш. (20 651–20 711).
3. Транспорт харажатлари
Импорт қилинадиган ёки узоқдан келтириладиган гуруч ва ёғ нархи транспорт харажатлари билан ошади.
4. Талаб кўплиги нархни оширади
Тошкент шаҳрида талаб юқори — нарх юқори. Вилоятларда талаб камроқ — нарх паст.
Бу кўрсаткичлар ҳудудлардаги яшаш нархи, озиқ-овқат таъминоти, логистика харажатлари ва маҳаллий бозор шароитини акс эттиради. Шунингдек, палов индекси оддий иқтисодий кўрсаткич эмас: у ҳудуддаги аҳолининг кунлик харажатлари ва даромадларининг реал ҳолатини кўрсатади.
Теглар






