Ўзбекистонда ҳисобда бўлмаган 985 минг гектар ер аниқланди
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилди. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида аввал ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқланди. Бу ҳақда 2-сентябр куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган рўйхатга олиш якунлари бўйича тақдимотда маълум қилинди.
Аниқланган ерларнинг 789,5 минг гектари экин майдонлари, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар, 14,1 минг гектари иссиқхоналар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.
Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича 100 та ҳамда қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига оид 50 та кўрсаткич янгиланади.
Статистика қайта ҳисобланади
Рўйхатга олиш маълумотлари асосида 2017–2025-йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари ҳам қайта баҳоланади. Президент мутасаддиларга янги маълумотларни чуқур таҳлил қилиш ва улардан давлат дастурларини ишлаб чиқишда самарали фойдаланиш бўйича топшириқ берди.
Миллий статистика тизимини 2030-йилгача ривожлантириш режалари ҳам кўриб чиқилди. 2027-йил 1-июлга қадар Миллий маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2026-йил 15-октябрдан 30-ноябрга қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши таклифи маъқулланди.
Янги маълумотлар қишлоқ хўжалиги ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда статистик базани янгилаш имконини беради.





