Ўзбекистонда жорий ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
Ҳафта давомида Ўзбекистоннинг асосий қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланади, айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир кузатилиши мумкин.

Ўзбекистонда иш ҳафтаси давомида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ўзгидромет маълумотларига кўра, ҳудудларнинг асосий қисмида қуруқ ва барқарор об-ҳаво устунлик қилади.
27 апрел куни фақат Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг айрим жойларида, шунингдек, Фарғона водийсида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Кундузги ҳарорат +26...+29 даража атрофида, жанубий ва чўл ҳудудларда эса +30...+33 даражагача кўтарилади.
29–30 апрел кунлари республика бўйлаб деярли барча ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланади. Фақат 30 апрел куни шимоли-ғарбий ҳудудларнинг айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши эҳтимоли бор. Бу кунларда ҳаво ҳарорати кундузи +28...+33 даража, жануб ва чўл ҳудудларда эса +35 даражагача исиши мумкин.
1 май куни эса республика бўйича баъзи ҳудудларда яна қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ҳарорат деярли ўзгаришсиз қолади.
Шу билан бирга, 30 апрел куни шимоли-ғарбий ҳудудларда, 1 май куни эса республика бўйлаб айрим жойларда шамол тезлиги секундига 15–20 метргача кучайиши, баъзи ҳудудларда эса чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида эса ҳафта давомида ёғингарчилик кутилмайди. 27 апрел куни кундузи +26...+28 даража, сешанба куни +27...+29 даража, 29–30 апрел ва 1 май кунлари +29...+32 даража иссиқ бўлади. Кечалари ҳаво ҳарорати +14...+17 даража атрофида сақланади.





