Ўзбекистонда «суюнчи пули»ни тўлаш қоидаси ўзгартирилди

Бугун 12:251 дақиқа

Энди биринчи фарзанд нобуд бўлган оилалар иккинчи фарзанди учун бир марталик нафақа пули олиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистонда «суюнчи пули»ни тўлаш қоидаси ўзгартирилди © SSV

Ўзбекистонда бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули — «суюнчи» фақат биринчи фарзандга тўланарди. Аммо биринчи фарзанд нобуд бўлган ҳолатларда, навбатдаги тирик туғилган бола иккинчи фарзанд деб ҳисобланиб, унинг нафақаси рад этилган. Президент Халқ қабулхонасига биринчи фарзанди перинатал ёки эрта неонатал ўлимга учраганида, навбатдаги бола учун «суюнчи пули» рад этилиши юзасидан мурожаатномалар келган.

Таҳлиллар натижасида Вазирлар Маҳкамаси қарорга қўшимча ва ўзгартишлар киритди. Энди биринчи ва (ёки) ундан кейинги фарзандлар нобуд бўлган ҳолларда ҳам навбатдаги тирик туғилган бола учун «суюнчи пули» тўланади.

Молиявий жиҳатлар

2024 йилда биринчи фарзанди учун барча аёллар, иккинчи фарзанди учун эса фақат ижтимоий ҳимояга муҳтожлар «суюнчи пули» олмоқда. Учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун бу нафақа белгиланмаган. 2024 йилда буджетдан «суюнчи пули» учун 382,4 миллиард сўм, 2025 йилда 275 миллиард сўм ажратилган. 2026 йилда эса бу миқдор 229,8 миллиард сўмга камайтирилган.

Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизини ташкил қилади, ҳозирги пайтда бу тақрибан 890 минг сўмни ташкил этади.

Теглар

Мавзуга оид