Ўзбекистонликлар пулларини асосан нимага сарфламоқда?

Бугун 18:232 дақиқа

Марказий банкнинг 2026-йил январ ойида ўтказган сўровнома натижалари аҳолининг истеъмол кайфияти ижобий сақланаётганини кўрсатди.

Ўзбекистонликлар пулларини асосан нимага сарфламоқда?

Марказий банк 2025-йилнинг IV чораги якунлари бўйича аҳоли орасида ўтказилган сўровнома натижаларини эълон қилди.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 76 фоизи яқин ойларда сарф-харажатлари ошишини кутмоқда. Айниқса, ойлик даромади 5 миллиондан 20 миллион сўмгача бўлган ўрта ва ўртадан юқори қатлам кўпроқ харажат қилишга тайёр эканини билдирган. Энг паст ва энг юқори даромадли гуруҳлар эса тежамкорликни афзал кўрмоқда.

Нималарга кўпроқ сарфланмоқда

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда ўзбекистонликлар учун энг долзарб сарф йўналиши — уй-жой таъмири. Ушбу тенденсия барча даромад гуруҳларида бирдек кузатилмоқда. Шу билан бирга, таълимга сарфланадиган маблағлар ҳам юқори ўринда турибди.

Ҳатто паст даромадли оилалар ҳам фарзандлар таълимига инвеститсия киритишни устувор деб ҳисобламоқда. Бу эса таълимнинг жамиятда стратегик аҳамият касб этаётганини англатади.

Даромадга қараб эҳтиёжлар

Юқори даромадли аҳоли қатлами (20 миллион сўмдан юқори) кўпроқ автомобил хариди, кўчмас мулк инвеститсияси ва хорижий саёҳатларга эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, уларнинг бир қисми уй жиҳозлари ва мебел харидига ҳам маблағ ажратишни режалаштирган.

Ўрта даромадлилар эса асосан уй-жойни таъмирлаш ва таълим харажатларига устуворлик бермоқда. Бу эса аҳоли эҳтиёжлари даромад даражасига қараб сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатади.

1

2

Ёшлар орасидаги фарқлар

Истеъмол саватчасининг шаклланишида ёш омили ҳам муҳим рол ўйнамоқда. 30 ёшгача бўлганлар таълим ва уй-жой шароитини яхшилашга кўпроқ сармоя киритмоқда. 31–50 ёшлилар учун эса фарзандлар таълими, соғлиқни сақлаш ва оилавий тадбирлар устувор ҳисобланади.

51 ёшдан ошганлар эса соғлиқни тиклаш ва тўй маросимларига харажат қилишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Мутахассислар фикрича, яқин ойларда қурилиш материаллари, таълим ва тиббий хизматларга талаб юқори даражада сақланиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликларнинг асосий даромад манбаи нима эканлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонликлар пулларини асосан нимага сарфламоқда? | Vaqt.uz