«Ўзчармсаноат» раиси ишдан бўшатилди
Президент «Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти соҳага янгилик олиб кирмагани, пастга тушиб ишламагани танқид қилиб, уюшмаси раиси А.Султоновни лавозимидан озод этишга кўрсатма берди.

Президент Шавкат Мирзиёев пойабзал саноатидаги муаммоларни танқид қилиб, Ўзчармсаноат уюшмаси раиси А.Султоновни лавозимидан озод этиш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда 13 февраль куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтказилаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда тармоқдаги паст самарадорлик, экспорт режаларининг бажарилмаётгани ва корхоналар фаолияти издан чиқаётгани қайд этилди.
Иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга бағишланган муҳокамада қайд этилишича, пойабзал ишлаб чиқаришда мода ва дизайн жуда тез ўзгармоқда. Агар корхоналар замон талабига мослашмаса, улар нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобатбардошлигини йўқотади.
Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги 972 та пойабзал ишлаб чиқарувчи корхонанинг 378 таси фаолиятини тўхтатган. Яна 120 та корхона ишлаб чиқариш қувватининг ярмидан ҳам фойдаланмаяпти.
Шунингдек, қолип, боғич ва фурнитура каби муҳим бутловчи қисмлар бўйича импортга қарамлик сақланиб қолмоқда. Маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги таннархга босим ўтказиб, корхоналар рақобатини чекламоқда.
Ўтган йили тармоқ 250 миллион долларлик экспортни ваъда қилган эди. Бироқ ушбу кўрсаткичнинг ҳатто 40 фоизи ҳам таъминланмаган.
2026 йил учун белгиланган ишлаб чиқариш ва экспорт режалари ҳам қониқарсиз деб баҳоланди.
Натижада тармоқда бошқарувни янгилаш ва масъулиятни ошириш мақсадида уюшма раиси лавозимидан озод этилди.





