P2P назорати, хусусийга ўтаётган давлат хизматлари ва жамоат транспорти муаммоси
Иқтисодчи Отабек Бакиров билан иқтисодий таҳлилий кўрсатувнинг навбатдаги сонида тадбиркорларнинг қуёш энергиясини давлатга сотиш нархи пасайиши мумкинлиги, P2P назорати ва транспорт муаммолари муҳокама қилинди.
«Аввал иқтисод» дастурининг навбатдаги сонида Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг долзарб масалалар муҳокама қилинди. Дастур давомида энерготарифларнинг ошиши, қуёш панеллари орқали давлатга электр энергияси сотиш тарифининг пасайиши эҳтимоли, P2P ўтказмалари устидан назорат кучайиши, жамоат транспорти муаммолари ҳамда давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиш масалалари таҳлил қилинди.
Суҳбат давомида қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлатга сотиш нархининг 800 сўмдан 250 сўмга туширилиши мумкинлиги инвесторлар ва тадбиркорлар учун қандай оқибатларга олиб келиши муҳокама қилинди. Бундай қарор узоқ муддатли давлат кафолатларига бўлган ишончга салбий таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, ушбу тарифларга ишониб кредит олган тадбиркорларнинг молиявий хавфлари ҳам тилга олинди.
Дастурда P2P ўтказмалари назорати ҳам муҳим мавзулардан бири бўлди. Солиқ органларининг шахсий банк карталаридаги ўтказмаларни таҳлил қилиши, банк сири дахлсизлиги ва фуқароларнинг молиявий хавфсизлик ҳиссига таъсири юзасидан саволлар ўртага ташланди. Шу билан бирга, бизнеснинг «соя иқтисодиёти»га кетишига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида ҳам фикр юритилди.
Жамоат транспорти бўйича Тошкент ва унинг атрофидаги ҳудудларни автобус йўналишлари билан боғлашдаги кечикишлар, «Park and Ride» тизими ҳамда транспорт инфратузилмасидаги муаммолар муҳокама қилинди. Шунингдек, пойтахтда мактаб, боғча ва поликлиникалар тақсимотида катта номутаносиблик мавжудлиги айтилди.
Бундан ташқари, давлат хизматларини хусусий секторга ўтказиш жараёнлари ҳам дастур марказидаги мавзулардан бири бўлди. Хусусийлаштириш жараёнида ҳақиқий рақобат муҳити шаклланмаётгани, айрим хизматлар нархининг кескин ошиб кетаётгани ва хизмат сифати устидан назорат масалалари юзасидан танқидий фикр билдирилди.
Теглар






