Logo

Пора билан қўлга тушган «Milliy bank»нинг собиқ мансабдори 10 йилга қамалди

Бугун 13:582 дақиқа

Миллий банкнинг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари банк балансидаги 16,8 млрд сўмлик мулкни арзон нархда олиб бериш эвазига 90 минг доллар пора талаб қилган. У талаб қилинган маблағнинг 40 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Пора билан қўлга тушган «Milliy bank»нинг собиқ мансабдори 10 йилга қамалди © pixel shot

Андижон вилоятида Миллий банкнинг мансабдор ходими 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У катта миқдорда пора олиш ва фирибгарликка суиқасд қилишда айбдор деб топилган.

Суд ҳужжатларига кўра, у 2025-йил 4-июндан 2026 йил 18-апрелга қадар Миллий банкнинг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳамда муаммоли кредитларни ундириш ва юридик мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Қайд этилишича, бошқарма бошлиғи ўринбосари фуқаронинг ишончига кириб, банк балансида турган, аслида фермер хўжалигига тегишли ва гаровда бўлган «Даволаш марказий бино иншооти»ни арзон нархда олиб беришни ваъда қилган. Аслида унинг умумий баҳоси 16,8 миллиард сўмга тенг бўлган.

У мазкур хизмати эвазида 90 минг доллар пора талаб қилган ва мулки етти йил муддатга фоизсиз кредит асосида расмийлаштириб беришини айтган.

2026-йилнинг 18-апрел куни Андижон шаҳридаги «Бобосадин» МФЙ ҳудудида, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи яқинида тезкор тадбир ўтказилган.

Мансабдор шахс талаб қилинган 90 минг доллардан 40 минг долларини пора тариқасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу тариқа, унинг фирибгарлик ва пора олишга қаратилган жиноий ҳаракатлари охирига етказилмасдан, жиноят устида фош этилган.

Судланувчи Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 210-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилган.

Ушбу моддалар жуда кўп миқдорда фирибгарликка суиқасд қилиш, жуда кўп миқдорда пора олиш ҳамда пора беришда иштирокчилик қилишга суиқасд қилиш билан боғлиқ.

Суд ишдаги далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаларини инобатга олиб, собиқ банк мулозимига 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Теглар

Мавзуга оид