Президент Фаррух Зокировни 80 йиллик юбилейи муносабати билан тақдирлади

Шавкат Мирзиёев Фаррух Зокировни «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлади. Шунингдек, давлат раҳбарининг алоҳида қарори билан Тошкент шаҳридаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига санъаткор номи берилди. Қолаверса, «Ялла» болалар ансамбли фаолияти йўлга қўйилади.

Президент Фаррух Зокировни 80 йиллик юбилейи муносабати билан тақдирлади © Foto: president.uz

Бугун, 15-апрел куни «Ялла» ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров Каримович таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Бу ҳақдаги тегишли фармон Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Тошкентдаги мусиқа мактабига Фаррух Зокиров номи берилади

Қолаверса давлат раҳбари «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида»ги қарорни ҳам имзолади.

Унга кўра, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига (кейинги ўринларда – Мактаб) Фаррух Зокиров номи берилади. Шунингдек, Фаррух Зокиров номидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқув-тарбия жараёнини мувофиқлаштириб бориш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича бадиий-педагогик кенгаш ташкил этилади.

Мактабда:

• “Ялла” номидаги болалар ансамбли фаолияти ташкил этилади;

• Ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда “устоз-шогирд” анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорат мактаблари ташкил этилади;

• Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан ташкил этилган маҳорат мактабининг устоз-ижодкорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 баравари миқдорида рағбатлантириб борилади.

Ёшлар ижодий лабораторияси

Ёшлар ижодий лабораторияси доирасида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 3 нафардан болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчиларидан иборат гуруҳ шакллантирилиб борилади ҳамда таътил даврида ёзги тўгаракка жалб этилиб, эстрада хонандалиги бўйича махсус бепул курсларда ўқитилади.2026/2027 ўқув йилига қадар замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, у саҳна жиҳоз ва либослари билан таъминланади. Мактаб ва ёзги тўгаракка жалб қилинган ўқувчиларнинг ижод намуналари телевидение ва халқаро онлайн платформаларда намойиш этиб борилади.

Ёшлар ижодий лабораториясини ташкил этиш, уни жиҳозлаш ва ҳудудлардан ўқувчиларни ёзги тўгаракка жалб этиш, шу жумладан, уларнинг яшаш, овқатланиш ва транспорт харажатлари тўлиқ Давлат бюджетидан қопланади.

Ҳар йили Мактаб ва ёзги тўгаракнинг иқтидорли 5 нафар ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларининг нуфузли халқаро танловларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан қопланади. Бунда ушбу танловлар рўйхати Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Халқаро танловлар ғолиблари ва устозлари учун пул мукофотлари

2026–2027 йилларда тажриба-синов тариқасида халқаро нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлган Мактаб ва ёзги тўгарак ўқувчилари (жамоалари) ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер) қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

• “Гран-при” ва 1-ўрин соҳиби 30 миллион сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 20 миллион сўм миқдорида;

• 2-ўрин соҳиби 20 миллион сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 10 миллион сўм миқдорида;

• 3-ўрин соҳиби 10 миллион сўм, ўқитувчи (концертмейстер) 5 миллион сўм миқдорида.

Ушбу халқаро нуфузли танловларнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг ўқитувчи (концертмейстер)ларини рағбатлантириш тартиби Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Олий ва ўрта махсус санъат мактабларига имтиҳонсиз қабул

Қарорга мувофиқ, мактабда аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчиларнинг 10 нафарини Мактаб бадиий-педагогик кенгаши қарори билан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби ҳамда мактаб-интернатларига имтиҳонларсиз қўшимча квота асосида қабул қилиш тартиби жорий этилади.

Фаррух Зокиров ижро дастури тўлиқ ноталаштирилиши ва уларнинг тўпламлари чоп этилиши ҳамда республика миқёсида таълим жараёнларига кенг татбиқ этилишини таъминлайди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Мактаб биносини капитал таъмирлаш ва ҳудудини ободонлаштириш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқсин ҳамда 2026 йил якунига қадар қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарорда белгиланган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Маданият вазирлигига 2026 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 10 миллиард сўм ажратади, 2027 йилдан бошлаб зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Теглар

Мавзуга оид