Президент Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
Шавкат Мирзиёев Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда қатнашди.
© Shavkat Mirziyoyev press-service9 апрел куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюриб, Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Шу кунларда Ўзбекистонда Амир Темурнинг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу қутлуғ сана муносабати билан мамлакатда кўплаб маънавий-маърифий, илмий ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Амир Темур XIV асрда, ғоят мураккаб бир даврда юртимиз ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, Ватан озодлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган буюк тарихий шахсдир. У асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолияти салкам асрдан буён дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда. Турли мамлакатларда Амир Темур ва темурийларга бағишлаб минглаб бадиий, илмий ва санъат асарлари яратилгани, бу ишлар бугун ҳам давом этаётгани унинг тарихий сиймоси ва мероси нечоғлиқ беқиёс эканидан далолат беради.
Халқимиз муқаддас юртимиз заминидан шундай улуғ зот етишиб чиққани билан доимо фахрланиб, ғурурланиб яшайди. Айниқса, бугунги кунда – Янги Ўзбекистон шароитида Амир Темур ва темурийлар тарихи ва меросини чуқур ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Бу шонли сулола томонидан яратилган темурийлар Ренессанси мамлакатимизда янги Уйғониш даври пойдеворини яратишда халқимиз учун ишонч, илҳом ва куч-ғайрат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Амир Темурнинг “Куч – адолатда”, “Адолат билан жаҳон гулшани обод бўлади” деган доно ўгитлари бугун юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда ўзига хос дастур ва амалий қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, Соҳибқирон мероси нафақат халқимизнинг шонли ўтмиши, балки бугунги тараққиётимиз ва келажак мақсадларимиз билан ҳам узвий боғлиқдир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда Амир Темур ва темурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни юртимиз ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан алоҳида қарор қабул қилиниб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Жумладан, ҳар йил апрель ойини мамлакатимизда Амир Темур ойлиги сифатида ўтказиш белгиланди. Ижодкорлар томонидан янги илмий ва бадиий китоблар, фильм ва спектакллар, тасвирий санъат асарлари яратилмоқда. Хусусан, машҳур “Темур тузуклари” асари янгитдан нашр этилди. Юртимизда улуғ бобомиз номи билан аталган давлат мукофотлари, майдон ва хиёбонлар, таълим ва маданият масканлари мавжуд. Ҳудудлардаги “Темурбеклар мактаблари” эса ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу кунларда пойтахтда Амир Темур ва темурийлар Ренессансига бағишланган нуфузли халқаро конференция ўтказилаётгани ҳам ушбу эзгу ишлар изчил ва тизимли давом этаётганининг ёрқин тасдиғидир. Унда юртимиз олимлари билан бир қаторда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган атоқли тарихчилар, шоир ва адиблар, маданият ва жамоат намояндалари иштирок этмоқда.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Бугун мамлакатда Соҳибқирон ўгитларига амал қилиб, адолатли давлат қуриш, муҳтожларга ёрдам бериш, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, илм-маърифат ва бунёдкорликни ривожлантириш, дунёга очиқ бўлиб, турли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар ҳам Амир Темур меросининг бугунги ҳаётимиздаги долзарб аҳамиятини яққол намоён этади.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Ўзлигимизни англаш, бой тарихимизни тиклаш ва аждодларимиз меросини келажак авлодга етказиш мақсадида кейинги йилларда йирик маънавий-маърифий масканлар барпо этилди. Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси бунёд этилди. Шулар қаторида бундан 30 йил олдин қурилган Темурийлар тарихи давлат музейи ҳам замонавий талаблар асосида тубдан қайта таъмирланди. Энди ушбу маскан илм-у маърифат, инновацион тафаккур, янги ғоялар ва тадқиқотлар марказига айланмоқда. Бу ерда барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, мазкур даргоҳ эл-юрт, айниқса, ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Manba: Shavkat Mirziyoyev press-service
Тадбир давомида Амир Темур хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Маълумки, Соҳибқирон Амир Темур қаерда бўлмасин, боғ-у роғлар барпо этишга, ҳар бир қарич ерни обод қилишга катта аҳамият қаратган. Ана шу бунёдкор анъаналарнинг узвий давоми сифатида Амир Темур хиёбонида ҳам катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев хиёбонда кўчат экди.





