Қарийб 2,5 минг дорихонада нархлар асоссиз оширилгани аниқланди

Рақобат қўмитаси назорат жараёнида истеъмолчилардан 21 млрд сўмдан ортиқ маблағ асоссиз ундирилгани маълум қилди.

Қарийб 2,5 минг дорихонада нархлар асоссиз оширилгани аниқланди © yandexmaps

Ўзбекистонда минглаб дорихоналар дори воситаларига белгиланган устамадан юқори нарх қўйгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, Президентнинг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ–411-сон қарори асосида мамлакатда дори воситалари нархларини рақамли назорат қилиш тизими жорий этилган. Мазкур механизм орқали дори маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдодаги нархлари автоматик тарзда кузатиб борилади ва асоссиз оширилган ҳолатлар инсон омилисиз аниқланади.

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, 2026 йил март ойидан бошлаб референт нархларни назорат қилиш тизими янада кучайтирилди. Янги тартибга кўра, улгуржи савдода дори воситаси белгиланган нархдан қиммат сотилса, солиқ органлари томонидан ҳисоб-фактураларни автоматик рўйхатдан ўтказмаслик тизими ишга туширилган.

Қўмитага кўра, ушбу механизм орқали улгуржи бозорда сунъий нарх ошириш ҳолатлари чекланган ва 12,5 мингдан зиёд чакана дорихоналарда дори воситалари белгиланган референт нархдан юқори сотилишининг олди олинмоқда.

Текширувлар давомида 2,5 мингга яқин дорихона томонидан 686 мингга яқин ҳолатда савдо устамаси белгиланган 10 фоиз меъёрдан бир неча баробар юқори қўллангани аниқланган. Натижада истеъмолчилардан жами 21,1 млрд сўм асоссиз равишда олингани маълум бўлган.

Хусусан, 2026 йилнинг биринчи чорагида 190 дан ортиқ дорихонада 110,5 мингга яқин қоидабузарлик ҳолати қайд этилган. Уларда 1,4 млрд сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний равишда ундирилгани аниқланиб, ушбу маблағларни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилган.

Теглар

Мавзуга оид