Logo

Қирғизистон ёқилғи-мойлаш материаллари бўйича Ўзбекистонга сўров юборди

Шу билан бирга, Бишкек ташқи хавфлар ва ёқилғи бозорларидаги кескин вазиятга қарамай, ёқилғи-мойлаш материаллари захирасининг етарли эканини айтяпти.

Қирғизистон ёқилғи-мойлаш материаллари бўйича Ўзбекистонга сўров юборди © vesti.az

Қирғизистон ёқилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш бўйича олтита давлатга мурожаат қилди. Улар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Бу ҳақда «Economist.kg» хабар берди.

Қирғизистон ташқи хавфлар ва ёқилғи бозорларидаги кескин вазиятга қарамай, ёқилғи-мойлаш материаллари захирасининг етарли эканини айтяпти. Нашрнинг ёзишича, давлат идоралари ёқилғи захиралари, таъминоти ва нархларини ҳар куни кузатиб боради. Расмийлар, шунингдек, ички бозорни узлуксиз таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрмоқда.

Энергетика вазирлиги Қирғизистон нефть маҳсулотларининг асосий қисмини импорт қилишини таъкидлади. Шунинг учун ички бозорга глобал нефть нархлари, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликлар ва халқаро логистикадаги хавфлар таъсир кўрсатмоқда. Шу муносабат билан Қирғизистон қўшимча таъминот каналларини фаол равишда излай бошлади.

Қозоғистон, Беларусь, Россия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистон давлат идораларига расмий сўровлар юборилди. Импорт географиясини кенгайтириш бўйича музокаралар давом этмоқда. Шу билан бирга, расмийлар нефть маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтиришга эътибор қаратмоқда.

Бош вазир ўринбосари Эрлист Акунбеков ва энергетика вазири Алтинбек Рисбеков «Қирғизнефтгаз»га борди ва у ерда ички бозор таъминотини муҳокама қилди. Икки мулозим у ерда барқарор ёқилғи таъминотини таъминлаш чораларини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Садир Жапаровнинг махсус вакили Бақит Торобаев ҳам «Жунда» нефтни қайта ишлаш заводига борди. Завод раҳбариятига бензин ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни тавсия қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нефть гиганти бўлган Россия ёқилғисиз қолаётгани ҳақида ёзган эдик. Украина ҳужумлари ортидан нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти издан чиққани сабабли бензин ва дизель таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид