add

Қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди

26.01.2026 | 18:001 дақиқа

2025 йилда давлат томонидан хорижда оғир вазиятга тушиб қолган минглаб фуқароларни Ватанга қайтариш ва ҳуқуқларини тиклашга 16 млрд сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Қийин аҳволда қолган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш учун қанча маблағ сарфлангани маълум бўлди

2025 йил давомида хорижда қийин ижтимоий ва молиявий аҳволга тушиб қолган 3 709 нафар Ўзбекистон фуқароси давлат кўмагида юртига қайтарилди. Бу жараёнлар учун бюджет ҳисобидан жами 15,9 миллиард сўм ажратилди.

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, фуқаролар 22 та хорижий давлатдан қайтарилган бўлиб, улар орасида иш берувчилар томонидан ҳақ тўланмаган, ҳужжатларидан маҳрум қилинган ёки оғир шароитда қолиб кетган шахслар бор. Энг муҳим чоралар аввало ҳаёти ва соғлиги хавф остида бўлган фуқароларга қаратилди.

«Ватанга қайтариш» хайрия акцияси

Жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан 30 июлдан 30 августгача илк бор ўтказилган «Ватанга қайтариш» хайрия акцияси доирасида 1 300 нафар фуқаро юртига олиб келинди. Улардан 66 нафари бахтсиз ҳодиса ёки оғир касалликдан сўнг шошилинч равишда қайтарилган.

Хорижда иш берувчилар билан боғлиқ меҳнат низолари ҳам давлат назоратида бўлди. Хусусан, ойлик иш ҳақини ундириш бўйича 3 089 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, натижада уларга жами 1,9 миллион доллар миқдорида маблағ хорижий иш берувчилардан ундириб берилди.

Шунингдек, йил давомида ишсиз қолган 9 249 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 406 нафар Ўзбекистон фуқаросининг хорижда олиб қўйилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари тиклаб берилди.

Теглар

Мавзуга оид