Қонунга зид тарзда реклама қилинган биологик фаол қўшимчаси учун компания жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган «A.» биологик фаол қўшимчаси (БФҚ) рекламаси қонун талабларига зид деб топилди ва компанияга нисбатан молиявий жарима қўлланилди.

Қонунга зид тарзда реклама қилинган биологик фаол қўшимчаси учун компания жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «A.» биологик фаол қўшимчаси рекламаси юзасидан ваколатли органлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Текширув натижаларига кўра, рекламада таъсир хусусиятига эга бўлмаган иборалардан фойдаланилгани, маҳсулот ҳақида тўлиқ маълумот берилмагани ҳамда унинг терапевтик самарадорлиги ва касалликларни енгиллаштиришига оид маълумотлар келтирилгани аниқланган.

Мутахассислар қайд этишича, мазкур ҳолатлар истеъмолчиларда биологик фаол қўшимчани дори воситаси сифатида қабул қилишга сабаб бўлиши мумкин. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар дори воситаси ҳисобланмайди ва уларнинг реклама қилиниши қатъий талаблар асосида амалга оширилиши шарт.

Қонун талаблари ва чекловлар

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар рекламаси дори воситаси экани ёки даволаш хусусиятига эга экани ҳақида таассурот уйғотмаслиги керак.

Шунингдек, рекламада одамларнинг даволангани ёки аҳволи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилинмаслиги, миннатдорчилик изҳорлари берилмаслиги, соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги лозим.

Қонунга мувофиқ, бундай маҳсулотлар рекламасида болалар тасвиридан фойдаланиш тақиқланади. Реклама ҳар бир ҳолатда маҳсулот дори воситаси эмаслиги ҳақидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт. Шунингдек, биологик фаол қўшимчалар бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказишга ҳам йўл қўйилмайди.

Қарор ва кўрсатма

Аниқланган ҳолатлар асосида Қўмита Махсус комиссияси томонидан «A.N.» МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунларига кўра, «Реклама тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилгани учун компанияга молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ташқи реклама қоидаларини бузган корхоналарга нисбатан молиявий жарималар қўлланилганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид