Қорақалпоғистонда майнерларга ўз эҳтиёжлари учун нефт ва газ қазиб олишга рухсат берилиши мумкин

Бугун 08:302 дақиқа

Мамлакатнинг шимолий қисмида крипто-активларни қазиб олиш бўйича яхлит экотизим — «Besqala Mining Valley» ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Қорақалпоғистонда майнерларга ўз эҳтиёжлари учун нефт ва газ қазиб олишга рухсат берилиши мумкин

Қорақалпоғистон Республикасининг бутун ҳудудида крипто-активларни қазиб олишга мўлжалланган «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси ташкил этилади. Ушбу зона резидентларига электр энергияси манбайи сифатида паст рентабелликка эга нефт ва газ конларини ўзлаштиришга рухсат берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган қонун лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, резидент мақоми фақат Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга 5 йил муддатга берилади. Уларга умумий энергия тизимидан ташқари, водород станциялари, қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол), шунингдек, углеводородларни етказиб бериш инфратузилмаси эскирган ёки мавжуд бўлмаган паст рентабелли нефт ва газ конларидан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Асосий талаблар ва чекловлар

Махсус зонада иштирок этиш учун компания майнинг ускуналарини ўрнатишга мўлжалланган алоҳида хонага эга бўлиши, хавфсизлик ва санитария қоидаларига риоя қилиши ҳамда умумий тармоққа уланганда АСКУЭ тизимига мос электр ҳисоблагич ўрнатиши шарт.

Шунингдек, компания муассислари ёки раҳбарлари иқтисодий жиноятлар, коррупция, гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятлар бўйича судланмаган бўлиши талаб этилади.

Зона ҳудудида яширин майнинг, аноним криптовалюталарни қазиб олиш ва олдин муомалада бўлган крипто-активларни айланмага киритиш қатъиян ман этилади. Қоидаларни бир марта қўпол равишда бузиш, жумладан, рўйхатдан ўтмаган манзилда майнинг қилиш, алоҳида ҳисоблагичнинг йўқлиги ёки муассисларнинг судланганлик ҳолати аниқланиши рухсатноманинг бекор қилинишига олиб келади.

Рўйхатга олиш ва сотиш тартиби

Резидент мақомини олиш учун аризалар тегишли ҳужжатлар (кадастр, электр таъминоти шартномалари, ускуналар рўйхати ва б.) билан биргаликда электрон тарзда топширилади ҳамда 30 календарь кун ичида бепул кўриб чиқилади. Эксперт комиссиясининг ижобий хулосасидан сўнг, дирекция 5 иш куни ичида компанияни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қазиб олинган криптовалютани миллий крипто-биржалар ёки хорижий платформалар орқали сотиш ва айирбошлаш мумкин. Бунда тушум мажбурий тарзда банк ҳисобрақамига ўтказилиши, хорижий платформаларда эса харидорларнинг шахсини тасдиқлаш (KYC) жараёни ўтказилиши лозим. Зона резидентлари дирекцияга ҳар ойда белгиланган миқдорда ажратмалар тўлаб боради.

Лойиҳа юзасидан фикр ва таклифлар 3 июнга қадар қабул қилинади.

Теглар

Мавзуга оид