Қозоғистонда энди сунъий интеллект давлат органлари фаолиятини кузатиб боради
9-июндан кучга кирадиган янги қоидаларга мувофиқ, Қозоғистон давлат органлари фаолияти махсус функционал таҳлил модули ва сунъий интеллект ёрдамида баҳоланади.
© SI asosida yaratilganҚозоғистон иқтисодиёт вазирлиги давлат органлари фаолиятини таҳлил қилиш тартибини ўзгартирмоқда. Янги ёндашувга кўра, амалдорлар юкламасини баҳолаш, ғайриоддий ҳолатлар ва коррупция хавфларини аниқлаш учун сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш режалаштирилган, деб хабар берди «Orda.kz».
Давлат органлари функцияларини баҳолаш
Янги методикага мувофиқ, сунъий интеллект тизимлари маълумотлардаги аномалия ва зиддиятларни топиш, ходимлар иш юкламасини таҳлил қилиш, коррупция хавфларини аниқлаш ҳамда бюрократик жараёнларни қисқартириш имкониятларини излашда ёрдам беради.
Шу билан бирга, давлат органлари функцияларини баҳолаш усули ҳам ўзгармоқда. Энди улар махсус функционал таҳлил модули орқали ўрганилади. Барча функциялар беш тоифага ажратилади:
устувор функциялар;
универсал функциялар;
жараёнли функциялар;
ўзаро боғлиқ функциялар;
ёрдамчи функциялар.
Бу ёндашув қайси вазифаларни оптималлаштириш мумкинлигини аниқлаш имконини бериши кутилмоқда.
Сунъий интеллект лабораторияси
Давлат органлари бундай таҳлилни кўпи билан 20 иш куни ичида ўтказиши лозим. Кейин материаллар текширилиб, якуний хулосалар тайёрланади. Шундан сўнг тавсиялар ҳукуматга тақдим этилади.
Зарур ҳолларда рақамли ечимлар ва давлат аппарати фаолиятидаги эҳтимолий ўзгаришлар бўйича алоҳида йиғилишлар ўтказилиши мумкин.
Ҳужжатда, шунингдек, Қозоғистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳузурида Сунъий интеллект лабораторияси ташкил этилиши ҳам назарда тутилган. Лаборатория давлат сектори учун интеллектуал ечимларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва жорий этиш билан шуғулланади.
Янги қоидалар 9 июндан кучга киради.





