Қурбон ҳайити 27 май куни нишонланади — президент қарори

Бугун 21:121 дақиқа

Байрам муносабати билан ўзбекистонликлар иш ҳафтаси туридан қатъи назар кетма-кет 5 кун дам олади.

Қурбон ҳайити 27 май куни нишонланади — президент қарори

Ўзбекистонда 2026 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май – чоршанба кунига тўғри келади ва ушбу кун байрам сифатида кенг нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 20 майдаги тегишли қарорида маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, Қурбон ҳайитининг биринчи куни ишланмайдиган байрам куни ҳисобланади. Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги ПФ–257-сон Фармони билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 28 май – пайшанба ва 29 май – жума кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун эса 30 май – шанба куни қўшимча дам олиш куни этиб белгиланган.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қурбон ҳайитини жойларда миллий анъаналарга уйғун ҳолда ўтказиш чора-тадбирларини амалга оширади.

Туризм қўмитаси ва Транспорт вазирлиги эса байрам кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш учун қулай шароитлар яратади.

Мазкур тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилган бўлиб, қарор ижросини назорат қилиш Бош вазир А.Н. Арипов ва Президент маслаҳатчиси С.У. Умурзаков зиммасига юклатилди.

Теглар

Мавзуга оид