Қурилиш соҳасида ишловчилар учун соатлик энг кам иш ҳақи оширилади
Қурилиш соҳаси бўйича янги президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда пудрат ва лойиҳалаш ташкилотларини рағбатлантириш, қурилиш ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақини ошириш ҳамда уни барча ҳудудларда ягона миқдорга келтириш назарда тутилмоқда.
© vaqt.uzПрезидент фармони билан тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чоралари тасдиқланди. Ҳужжатга кўра, қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган ходимларнинг соатлик энг кам иш ҳақини ошириш бўйича янги тартиб жорий этилади.
Бунинг учун қурилиш соҳаси бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда пудрат ва лойиҳалаш ташкилотлари фаолиятини рағбатлантириш билан бирга, қурилиш ходимлари учун соатлик энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш назарда тутилган.
Шунингдек, мазкур тўлов миқдорини барча ҳудудлар учун тенглаштириш режалаштирилмоқда. Бу қурилиш соҳасида иш ҳақи бўйича ҳудудлар ўртасидаги фарқни камайтиришга қаратилган.
Қарор лойиҳасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг смета қийматида пудрат ташкилотларининг режали фойдаси миқдорини 7 фоизгача белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳалаш ишларини молиялаштириш ҳажмини объектнинг мураккаблик даражаси ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш кўзда тутилган.
Муҳандислик коммуникация инфратузилмаси учун йиғимлар бўйича аванс тўлови ҳам ўзгаради. Уни амалдаги 20 фоиздан 5 фоизга тушириш режалаштирилмоқда. Бу қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда пудрат ташкилотларининг молиявий юкини камайтириши мумкин.
Қарор қачон тайёр бўлади?
Президент қарори лойиҳаси 2027 йил январь ойида тайёр бўлиши керак. Ҳужжатни ишлаб чиқиш ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун бир қатор масъуллар белгиланган.
Улар қаторида бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов ҳамда иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Самандар Садуллаев бор.



