Logo

Рақобат қўмитаси «Мактаб бозорлари»да нархларни асоссиз оширмасликка чақирди

Бугун 11:302 дақиқа

Қўмита «Мактаб бозорлари»да нархлар асоссиз оширилган ҳолатларга дуч келган фуқаролар 1159 ягона ишонч рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.

Рақобат қўмитаси «Мактаб бозорлари»да нархларни асоссиз оширмасликка чақирди © Ijtimoiy tarmoqlar

Рақобат қўмитаси мактаб бозорларида савдони амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда сотувчиларни бозорларда сотилаётган маҳсулотлар нархларини асоссиз оширмасликка чақирди.

Бугунги кунда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш доирасида республикамиз ҳудудидаги умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида мавсумий «Мактаб бозорлари» ташкил этилган.

Ўқув йилига тайёргарлик кўраётган ота-оналар ва ўқувчилар мазкур мавсумий савдо нуқталарига зарур ўқув-ёзув қуроллари, дарсликлар, мактаб формалари ва бошқа ўқув анжомларини сифатли ҳамда ҳамёнбоп нархларда харид қилиш учун ташриф буюради.

Шу сабабли, савдо жараёнларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда аҳолининг сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади.  

Харидорларга муҳим тавсия

Шунингдек, Рақобат қўмитаси ота-оналар ва ўқувчиларга харид жараёнида маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси, нархи ва бошқа муҳим маълумотларига эътибор қаратишларини тавсия этди.

Тадбиркорлик субъектларига эса «Мактаб бозорлари»да сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, нархларнинг асослилиги, истеъмолчиларга зарур ахборотларнинг тақдим этилиши ҳамда савдо жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши шартлигини эслатиб ўтилди.

«Рақобат қўмитаси мактаб бозорларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа анжомлар нархларини асоссиз оширмасликка ҳамда белгиланган қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақиради», — дейилади қўмита хабарида.

Шу билан бирга, қўмита томонидан мактаб бозорларида нарх барқарорлигини таъминлаш борасида мониторинг ишлари олиб борилишини маълум қилинди.

Теглар

Мавзуга оид